Россияда сўнгги суткада COVID-19 беморларининг 317 нафари вафот этди, деб хабар бермоқда Meduza коронавирусга қарши курашиш тезкор штабига таяниб. Бу Россияда пандемия бошланганидан буён бир кеча-кундуздаги ўлимлар сони бўйича янги антирекорд.
«РБК»нинг ёзишича, аввалги антирекорд 15 октябрь куни қайд этилган, шу куни COVID-19 286 кишининг умрига зомин бўлганди. Мамлакатда умумий ҳисобда коронавирусдан вафот этганлар сони 24 952 нафарга етган.
Бир кун аввал Россияда COVID-19 беморларининг 269 нафари вафот этгани маълум қилинганди. Мамлакатда 13 октябрдан бошлаб сутка давомида вирус қурбонлари сони 200 кишидан ортиқ бўлмоқда.
Сўнгги суткада Россияда коронавирусга чалиниш бўйича 15 700 та янги ҳолат қайд этилган. Беморлар сонининг суткалик ўсиши бундан бир кун олдинги кўрсаткичдан қарийб 600 нафарга кам. Шу куни 16 мингдан ортиқ кишида COVID-19 аниқланиб, мамлакатда касалланганлар сони бўйича антирекорд ўрнатилганди. Россияда пандемия бошланганидан буён жами 1 447 335 кишида коронавирус аниқланган.
Ўтган бир кеча-кундуз давомида соғайганлар сони 10 952 нафарни ташкил этган. Жами ҳисобда мамлакатда 1 096 560 киши коронавирусдан соғайган.
«Роспотребнадзор» маълумотларига кўра, Россияда коронавирусни аниқлаш бўйича сўнгги 24 соат давомида 496 мингта, умумий ҳисобда эса 55,1 миллиондан ортиқ тест ўтказилган.
Изоҳ (0)