Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида 1988 йилнинг 5 октябрь куни содир этилган қотиллик жинояти фош этилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, мазкур жиноятни 1962 йилда туғилган фуқаро М.Б. содир этган. У қотиллик содир этилган пайтда 26 ёшда бўлган.

Жинояти фош бўлган фуқаронинг айтишича, у қотиллик қурбони бўлган, 1933 йилда туғилган аёлнинг уйига аёлнинг таклифи билан кирган. Эркак аёлнинг уйига киргач унга жинсий алоқа қилишни таклиф этган. Аёл эса бу таклифни рад этган ва ўртада жанжал юзага келган. Жанжал вақтида эркак жаҳл устида аёлнинг қорин ва кўкрак қисмларига 3-4 марта пичоқ урган.

Мазкур жиноятдан кейин М.Б. уч марта қасддан содир этилган жиноятлар учун судланган. У 1993 йилда эски таҳрирдаги Жиноят кодексининг 15-81-моддаси (қасддан оғир тан жароҳати етказиш), 1996 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (ўғрилик), 2005 йилда 169-модданинг 1-қисми (ўғрилик) билан айбланган.

Маълум қилинишича, М.Б. қотиллик содир этиш билан бирга, аёлнинг уйидаги бир нечта тилла тақинчоқни ўғирлаб кетган ва жиноят жойида унинг бармоқ излари қолган.

Ромитан туманида яшовчи фуқаронинг 32 йил аввал содир этган жиноятини фош этишда унинг ҳодиса жойида қолдирилган бармоқ излари ёрдам берди. Бухоро вилоят ИИБ Эксперт-кириминалистика бўлими томонидан 2020 йилнинг сентябрь ойида автоматлаштирилган тактилоскопик идентификацион тизим орқали бармоқ излари текширилган. Ўтказилган криминалистик ўрганишлар бармоқ излари фуқаро М.Б.га тегишли эканлигини кўрсатган.

Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари қайта тикланди. М.Б. билан олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида фуқаро содир этган жиноятига тўлиқ иқрорлигини билдирган. Айни пайтда мазкур иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.