Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти совриндори, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, ЎзР ФА академиги Турсунбой Рашидов 7 октябрь куни 86 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда академия ахборот хизмати.

Фото: UzNews

Турсунбой Рашидов 1934 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1951 йилда ўрта мактабни олтин медал билан тугатган ва 1956 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг физика-математика факультетини тугатган. 1966 йилда 32 ёшли ёш олим, Турсунбой Рашидов Ўзбекистон Фанлар академиясининг Механика ва иншоотлар сейсмологияси институтининг директори этиб тайинланган.

Олим республикада механика соҳаси ривожланишида катта ҳисса қўшган. У 1966 йилда Тошкентда содир бўлган зилзиладан сўнг шаҳарни тиклашда ва Тошкент метрополитени қурилишида қатнашган.