Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов фуқароларнинг коррупцион ҳолатлар юзасидан мурожаатларини тартибга солиш учун махсус платформа ишга туширилишини маълум қилди. Мазкур лойиҳа яратилишига фуқаролар қонун бузилиши ёки судда ютқизишни ҳам коррупцион ҳолат сифатида баҳолаётганлиги, бугунги кунда мурожаатлар кўплиги сабаб бўлгани айтилди.

Фото: «Дарё»

«E-Anticor.uz» лойиҳаси Uzinfocom билан ҳамкорликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи «E-Anticor.uz» электрон платформасини тайёрланди. Бу платформа орқали давлат идораларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти очиқ мониторинг қилиб борилади. Шунингдек, фуқароларимиз коррупцион ҳолатлар бўйича бизга тезкор мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Бир ҳафта, 10 кун ичида ишга туширилиши режалаштирилаётган сайт ва мобил дастур орқали ана шу имконият тақдим этилади. Инсон омили бўлмайди, мурожаатини интернет орқали кўриб туради. Ўзбекистонда коррупция харитаси шакллантирилади. Фуқароларнинг мурожаати асосида қайси вилоятда коррупцион ҳолатлар кўпроқ ёки камроқ бўлса, қизариб ёки яшил бўлиб бораверади. Мурожаатларни кўриб чиқиб ҳолати ҳам бизда бўлади. Бунинг устида яна ишлаймиз.

Акмал Бурҳонов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори 

Фото: «Дарё»

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош прокуратура томонидан «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ҳукумат қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.