Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳокими 54 ёшли Назиржон Ўринбоев 7-октябр куни вафот этди. «Дарё» манбасининг сўзларига кўра, ҳоким пневмония касаллиги асоратлари ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Назиржон Ўринбоев.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Назиржон Ўринбоев 1966 йилда Олтинкўл туманида туғилган. 1989 йил Андижон давлат педагогика институтини тамомлаган. Маҳаллий ички ишлар тизимида хизмат қилган, хусусан, 2014—2017 йилларда Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Ўринбоев Олтинкўл туманига ҳоким этиб тайинлангунига қадар қадар Андижон вилояти «Агросервис МТП» компанияси раисининг ўринбосари сифатида ишлаган. У 2018 йил 20 октябрида Олтинкўл туманига ҳоким этиб тайинланган эди.

29 сентябрь куни пневмониядан даволанаётган Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев ўткир юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган эди. Сентябрь ойи ўрталарида Андижон вилоятида тўртта ҳоким – Хонобод шаҳри ва Олтинкўл тумани ҳокимларидан ташқари, Пахтаобод ва Шаҳрихон туманлари раҳбарлари ҳам пневмониядан даволанаётгани ҳақида хабар берилган эди.