Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 7 октябрь куни тонгда Гулистон шаҳрида юз берган портлаш юзасидан бирламчи маълумот берди.
Маълум бўлишича, соат 8:13 да Гулистон шаҳридаги «Алпомиш» спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирусга гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида кислород баллони ёрилиши содир бўлди.
«Ҳосил бўлган кинетик зарба тўлқинидан бино ойналари парчаланиб, фуқароларга тан жароҳати етган», -- дейилади ФВВ ахборотида. Вазирликнинг русча ахборотида камида бир киши енгил тан жароҳати олгани айтилади.
Ҳозирги вақтда фуқаролар ФВВ ва бошқа тегишли хизматлар томонидан хавфсиз ҳудудга кўчирилган. «Мазкур ҳодиса оқибатида вафот этган фуқаролар аниқланмаган. Вазият тўлиқ назоратга олинган», -- дея қўшимча қилинган ФВВ ахборотида.
Изоҳ (0)