Қашқадарё вилоятида 31 нафар фуқаро кўп миқдордаги нефть маҳсулотларини ўғирлаш ва талон-торож қилишда, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига пора бериб, шериклик қилишда айбланмоқда. Бу ҳақда мазкур ишни кўриб чиқаётган Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди мажлисида қатнашган «Дарё» мухбири хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, 2019 йил 14 ноябрь куни соат 22:30 да Муборак тумани «Сариқ» маҳалласи ҳудудида фуқаро Б.Н. бошқарувидаги «КАМАЗ-5410» русумли юк автомашинада 30 миллион 739 минг 600 сўмлик 26800 килограмм ҳамда шу куни соат 23:30 да Бухоро вилоятига ҳаракатланиб кетаётган Х.Ш., Н.Т.ларнинг бошқарувидаги «Sinotruk Hohan» русумли юк автомашинасида 46 миллион 774 минг 600 сўмлик 40780 килограмм тегишли ҳужжатлари бўлмаган нефть хом ашёси ДХХ вилояти бошқармаси ва ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Терговга қадар текширувда Б.Н. ва бошқалар ички ишлар органлари ходимлари раҳнамолиги остида яширин равишда «Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш» бошқармасига қарашли «Шимолий Ўртабулоқ» конидан Муборак тумани ҳудудидаги нефть қабул қилиш эстакадасига борувчи «219 дм.ли» қувурнинг 35 километрини тешиш орқали кўп миқдордаги нефть хом ашёсини ўғирлик йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

2019 йил 19 ноябрь куни мазкур ҳолат бўйича прокурори ўринбосари А.Мирзаев раҳбарлигида тергов-тезкор гуруҳи тузилган ва 2020 йил 7 февралдан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, мазкур жиноят ишида Муборак тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари С.М. ҳам айбланган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Мазкур жиноят ишида айбланаётган 31 нафар шахснинг 10 нафарига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ойбек Раҳимов

Фото: «Дарё»

«Тергов хулосасида 31 нафар шахсга 140 тоннага яқин нефть маҳсулотини ўғирлаш ва юз миллионлаб давлатга зарар келтириш айби қўйилган. Бироқ айбланувчилардан 69 тонна нефть маҳсулоти олиб, ҳужжатлаштирилган», — дейди мазкур жиноят ишида айбланаётган ИИБ масъулининг адвокати Ойбек Раҳимов.