Шоир Шамсиддин Садоий пневмония ташхиси билан Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасида оғир аҳволда ётибди. «Fikrat.uz» шоирнинг рафиқасига асосланиб хабар беришича, шоир «уч кун аввал комадан чиққан», ҳозир ҳам реанимацияда қолмоқда.
«Ҳозир реанимацияда ётибди, аҳволини ҳам аниқ билолмаяпман. Баъзида дўхтирлар телефон қилади. Ичадиган суви ҳам йўқ экан, сув келтириб беряпман. У ердаги сув ичиш учун яроқсиз экан», — дейди шоирнинг турмуш ўртоғи Иқбол Эргашева.
Аёлнинг таъкидлашича, шифокорлар баъзида бемор учун овқат келтириб беришни сўрайди, «лекин овқат келтириб беролмаяпман, қўлимда пулим йўқ». «Ҳозир бир ўзим қолиб кетганман. Ҳар куни Зангиотага бораман, буям ўзи бўлмаяпти», — дейди у.
Садоий томонидан ёзилган шеърлар Нуриддин Ҳайдаров, Бобомурод Ҳамдамов, Ғуломжон Ёқубов, Ғиёс Бойтоев, Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков, Равшан Комилов каби санъаткорлар томонидан куйга солиниб, хит даражасига чиққан. Шоирнинг рафиқаси уларнинг аксариятига телефон қилгани, бироқ «улар парво ҳам қилмагани»ни айтган.
«Шоир касаллиги тўғрисида ҳеч ким сўрамайди, шунча қўшиқларини куйлаган санъаткорлар ҳам келмайди. Бир ўзим қолиб кетдим. Нечтасига телефон қилдим. Ҳаммаси жим... Менга ёрдам беринг, имконингиз бўлса. Бир-иккита қўшиқчига телефон қилдим, улар парво ҳам қилмади. Мана-ман деганига ҳам телефон қилдим, фойдаси бўлмади... У-бу ташкилотларга айтинг, илтимос, ҳолидан хабар олишсин. Озодбек ака (Назарбеков)га ҳам айтдим, гапирмади у киши», — деб айтган Иқбол Эргашева интервьюда.
«Ишқилиб, Худо умрини берсин, жуда қийналди, касал бўлганига қарийб бир ойдан ошди», — дея қўшимча қилган шоирнинг рафиқаси.
Шамсиддин Садоий 1958 йилда Бухоро вилоятида туғилган. «Мени кутган эдингиз», «Давлатинг борида», «Дунёни муҳаббат олади», «Сени менга яратган» сингари шеърий тўпламлари нашр этилган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)