Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги «Кўганли» маҳалласида яшовчи аҳоли ҳудудда 6,5 миллиард сўмга қуриб битказилган кўприк ҳеч қанча вақт хизмат кўрсатмай қулаб тушганини, янги қурилаётган йўл ҳам худди шундай сифатсиз бажарилиб яроқсиз ҳолга келиб қолишидан қўрқмоқда.

Фото: «Дарё»

Бу ҳақда «Дарё»га шикоят қилган қумқўрғонликлар йўл таъмири учун ажратилган 5,5 миллиард сўм тўғри сарфланмаяпти деган фикрда.

«Дарё» мухбири Отабек Қўлдошев мазкур мурожаатни ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида бўлди.

Фото: «Дарё»

«Маҳалламиз ҳудудидан ўтувчи 19 км йўл таъмири учун 5,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 2020 йилнинг январь ойида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Бироқ таъмирлаш ишлари лойиҳада кўрсатилгандек амалга оширилмаяпти. Бу эса йўлнинг сифатсиз қурилишига сабаб бўлади», — дейди туманнинг «Кўганли» маҳалласида яшовчи Умбар Зоиров.

Умбар Зоиров.

Фото: «Дарё»

Умбар Зоировнинг маълумот беришича, Сариосиёдан олиб келиниши лозим бўлган шебен, Жарқўрғондан келиши лозим бўлган қум ва нефть маҳсулотлари олиб келинмаяпти. Уларнинг ўрнига лойли қум ва сифатсиз шебендан фойдаланилмоқда.

«Лойиҳада шебен Сариосиёдан, қум ва нефть маҳсулотлари эса Жарқўрғондан олиб келиниши кўрсатилиб маблағ ҳам шунга яраша ажратилган. Лекин йўл таъмирига масъуллар лойиҳада айтилган ишни бажармаяпти. Дарёдан лойли қум олиб келиб, ишнинг сифатсиз бажарилишига сабабчи бўлмоқда», — дейди маҳалла фаоли.

Фото: «Дарё»

Мурожаатчилар маҳаллада 2017 йил охирида 6,5 миллиард сўмга қурилиб, фойдаланишга топширилган кўприк 2020 йил бошига келиб яроқсиз ҳолга келганини айтиб, йўл ҳам шундай сифатсиз бажарилгач, ҳеч қанча вақт ўтмай яроқсиз бўлиб қолиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган аҳолининг айтишича, йўл таъмири сифатсиз бажарилаётгани сабаб аҳоли йўл таъмирини тўхтатишни талаб қилган.

«Йўл сифатсиз таъмирланаётгани, шунингдек, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилаётган пайт йўл белгилари ўрнатилмагани сабаб биз бундан норози бўлдик ва таъмирлаш ишлари тўхтатилишини талаб қилдик, — дейди аҳоли вакиллари. — Ушбу ҳудудда 500 нафар ўқувчи ўқийдиган 43-мактаб бор. 2020 йил январда таъмирлаш ишлари бошланган пайт лойли қум тўкилгани сабаб фарзандларимиз мактабга боришда лойга ботиб қоларди. Айни кунларда эса чанг тўзондан азият чекяпмиз».

Фото: «Дарё»

Аҳолининг қўшимча қилишича, талабга жавоб бермайдиган йўл сабаб йўлкира нархлари ҳам кескин ошган.

«Таксилар маҳалламизга кириш жойдаги катта йўлдан Деновга қадар 8 минг сўм билан олиб боришса, Элбаён орқали Шўрчи туманига олиб чиқувчи 19 км йўлга 10 минг сўм сўрашади. Сабаби йўл бузуқ ва сифатсиз. Қолаверса, айни кунда чанг ва юриб бўлмайдиган даражага келган», — дейди Тўхтамиш Ибрагимов.

Тўхтамиш Ибрагимов.

Фото: «Дарё»

Қумқўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси масъул ходими Ҳусан Раҳимовнинг маълумот беришича, йўл таъмири ҳақиқатан ҳам 2020 йил январь ойида бошланган бўлиб, барча меъёрий талаблар асосида бажарилмоқда.

«Аҳолида норозилик кузатилаётгани бор гап. Шу боис ҳам аҳоли йўлнинг таъмирланишига тўсқинлик қилмоқда. Бироқ биз ‘Термизавтойўл’ МЧЖ томонидан белгиланган меъёрий талаблар асосида иш бажаряпмиз. Лекин буни одамларга тушунтиролмаяпмиз. Одамлар тушунишни истамаяпти», — дейди Ҳусан Раҳимов.

Фото: «Дарё»

Ҳусан Раҳимов аҳолининг қурилиш ишлари кетаётган пайтда йўл белгилари ўрнатилмагани тўғрисидаги эътирозини эшитгач, «йўл белгиларини ўзимиз билан олиб келиб, яна олиб кетяпмиз. Таъмирлаш ишлари бажарилаётган пайтда белгилар ўрнатилаяпти», дея жавоб берди.

Аҳолининг қўшимча қилишича, мазкур маҳалла туман ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги учинчи сектор ҳудуди бўлиб, аҳоли сектор раҳбарини танимайди. Унинг фаолиятидан бехабар.

«Сектор бошлиғи кимлигини билмаймиз ва танимаймиз. Беш йил давомида умуман кўрмаганмиз. Маҳалламизга келганини ҳам билмаймиз», — дейди Чори Зоиров.

Чори Зоиров.

Фото: «Дарё»

Туман ИИБ бошлиғи, учинчи сектор раҳбарини танийдиган Тўхтамиш Ибрагимов эса қулаб тушган кўприк масаласига эътибор қаратган ИИБ бошлиғи муаммони ўрганиб, тез орада ҳал этишини маълум қилганини, бироқ муаммо ҳалигача ечим топмаганини билдирмоқда.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Бу ҳақда гапирган Ўткир Холматов ва Одина бобо Абдураҳимовлар кўприкка 6,5 миллиард сўм сарфланган бўлса-да, иш сифатсиз бажарилгани сабаб кўприк «умри қисқа» бўлганини таъкидлади.

Ўткир Холматов.

Фото: «Дарё»

«Мана шу кўприк 1 йил 7 ой деганда шундай ‘авария’ ҳолатига келиб қолди. Ҳолбуки, бу кўприкка 6,5 миллиард сўм сарфланганди. Иш сифатсиз бажарилгани учун кўприкнинг «умри қисқа» бўлди. Биз йўлимиз ҳам шундай сифатсиз таъмирланиб, ҳеч қанча вақт ўтмасдан яроқсиз ҳолга келишидан қўрқяпмиз», — дейди Одина бобо Абдураҳимов.

Фото: «Дарё»

Қумқўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Нигора Жумаева билан мулоқотда туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари мазкур ҳолатга изоҳ беришини сўрадик. Нигора Жумаева ҳоким ўринбосари воқеа жойига етиб боришини, журналистни қизиқтирган саволларга жавоб беришини маълум қилди. Бироқ ҳоким ўринбосари воқеа жойига келмади. Телефон орқали ҳам масъулга боғлана олмадик.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев