Украинада COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг иккинчи тўлқини кетмоқда. «Коммерсантъ»нинг хабар беришича, бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
У ҳозир бутун дунёда касаллик авж олаётгани, Украина ҳам бундан мустасно эмаслигини таъкидлаган.
«Шу сабабли бугунги кунда хорижий фуқароларга кириш бизда ҳақиқатан ҳам тақиқланган. Бу тўғри қарор деб ўйлайман. Бизда биринчи тўлқин бошланганда шундай қарорга келинганди, ҳозир уни тўхтата олдик. Ўшанда Украинанинг 40 миллион фуқаросига 100 нафардан 300 нафаргача касалланганлар тўғри келганди. Ҳозир бир кунига уч минг киши касалланмоқда. Афсуски, бу Украинадаги иккинчи тўлқиндир», — деган президент.
Зеленский, шунингдек, Украина ўз фуқароларини ҳам, мамлакатга келадиган бошқа давлат фуқароларини ҳам хавф остига қўя олмаслигини таъкидлаган. «Кейинчалик вазият барқарорлашгач, Украина чегаралари, албатта очилади», — деган у.
Аввалроқ Канада, Чехия, Австрия ва Грузияда ҳам коронавируснинг иккинчи тўлқини бошлангани хабар берилган эди. Буюк Британияда COVID-19 билан боғлиқ вазият баҳордаги кўрсаткичга қайтмоқда. Бир ойдан бери туристлар учун очиқ бўлган Туркияда коронавирус тарқалиши яна авж олди
Изоҳ (0)