Шуҳрат Ғаниев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Фарғона вилояти ҳокими лавозимидан озод этилади. «Дарё» манбаси берган маълумотга кўра, Ғаниев Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Шуҳрат Ғаниев.

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

«Дарё» мухбирининг хабар беришича, айни дақиқаларда Наманганда Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессия ташкилий масала кўрилиши кутилмоқда.

Хайрулло Бозоров.

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

Қайд этишларича, шу вақтгача Наманган вилоятига ҳокимлик қилиб келган Хайрулло Бозоров бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилади. Маълумотларга кўра, Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланади. Наманган вилояти ҳокими лавозимини ким эгаллаши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

25 сентябрнинг ўзида Фарғонада ҳам Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилиши, унда Шуҳрат Ғаниев бош вазир ўринбосари лавозимига тайинлангани эълон қилиниши, Хайрулло Бозоров эса вилоятнинг янги раҳбари сифатида таништирилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича собиқ ўринбосари Ўктам Барноев вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Июль охирида Барноевнинг коронавирусга чалингани маълум бўлган эди.