«Чироқчи воқеаси» айбдорлари иши кўриб чиқилаётган судда давлат айбловчиси сифатида иштирок этаётган Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Шаҳбоз Абдиев судланувчиларга сўраётган муддатини маълум қилиб, гаров эвазига очиқда қолган судланувчиларни суд залидан қамоққа олишни сўради. Бу ҳақда суд ишида иштирок этаётган «Дарё» мухбири маълум қилди.

Шаҳбоз Абдиев

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, суд музокарасида сўз олган прокурор Шаҳбоз Абдиев Чироқчи туман ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган судланувчи Нурбек Овлаев ҳамда Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган Анвар Жонқобиловлар 3 йил муддатга ИИБ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилиниши лозимлигини билдирган.

Прокурор шунингдек, марҳум Юсуф Абдураҳмонов истиқомат қилган ва мол ўғрилиги бўйича шикоятлар кўпайган Лангар қишлоғининг собиқ профилактика инспектори Шерзод Раҳмонов ҳам 3 йил муддатга ИИБ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9 йил муддатга умумий тартибли колонияларда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташи лозимлигини маълум қилган.

Шаҳбоз Абдиев 2020 йил 21—22 январь кунлари ИИБ биносида ўғриликда гумонланган марҳум Юсуф Абдураҳмонов билан шерикликда айбланиб, қийноққа солинган ота-бола Қурбон Остоноев ҳамда Баҳром Авлиёқуловларни ИИБ биносига олиб борган профилактика инспектори Адҳам Тожиноровнинг ҳам ИИБда ишлаш ҳуқуқи 3 йилга чекланиши ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинишини сўраган.

Фото: «Дарё»

Давлат айбловчиси Лангар қишлоғидаги мол ўғрилиги бўйича Президент порталига қилинган мурожаатни ўрганиш мақсадида ушбу қишлоққа бориб, мурожаатчи номидан тилхат ёзган ва мурожаатни сохта ҳужжатлар билан ёпишга уринган Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган Бобурмирзо Ғайратов ҳам 2 йил 6 ой муддатга ИИБ тизимида ишлашдан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиниши лозимлигини таъкидлаган.

Прокурорнинг қўшимча қилишича, судланувчилар — Нурбек Овлаев, Анвар Жонқобилов, Шерзод Раҳмонов ҳамда Адҳам Тожиноровлар ҳисобидан марҳумнинг қонуний вакили Гўзал Абдиева фойдасига 52 миллион 750 минг сўм моддий ва маънавий зарар ундирилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, суд музокарасида сўз олган марҳумнинг қонуний вакили Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловларни суд залидан озод қилишни сўраганди.