Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида 7 сентябрдан бошлаб синов тариқасида мактаблар иш бошлади. 14 сентябрдан бошлаб эса анъанавий шаклда ўқишни бошлаган мактаблар сони 2635 тага етди. Қолган мактабларда эса ҳозирча ўқиш масофавий тарзда олиб борилади.

Маҳаллий кенгаш депутатлари мактабларнинг ҳақиқий тайёрлиги, ҳудуддаги санитария-эпидемиологик ҳолат ва соғлиқни сақлаш тизими имкониятидан келиб чиқиб қабул қилиши белгилаб қўйилганди. Ўқувчилар мактабга қайтиши учун уларнинг ўқитувчилари ҳам соғлом бўлиши керак. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12 сентябрь куни Ўзбекистондаги мактаб ходимларидан коронавирусга оммавий тест олинаётгани ҳақида хабар қилганди.

«2020 йил 11 сентябрь ҳолатига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўрта таълим мактабларининг жами 486 521 нафар ўқитувчиларнинг 275 616 нафари (56,6 фоизи) махсус лаборатория усулида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтказилди.

Лаборатория таҳлили натижасида касаллик аниқланган ўқитувчилар рўйхатга олиниб, уларнинг ҳолати ҳудудларда ташкил этилган мобил тез тиббий ёрдам гуруҳлари томонидан ўрганилмоқда, касаллик симптомлари аниқланган ўқитувчилар шифохоналарда даволанишга юборилмоқда. Уларнинг аксариятида касаллик симптомсиз ва енгил шаклда кечаётгани кўринмоқда. Бундай ўқитувчиларимиз уй шароитида даволанишга ўтказилиб, белгиланган даво муолажаларга кўра, уларга бепул коронавирус бокслари (аптечкалар) етказиб бериляпти», — дейилганди ССВ хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тести натижаси чиққан 275 мингдан ортиқ ходимдан қанчасида коронавирус аниқланганини очиқламади. COVID-19’га чалинган ўқитувчилар ҳақида Маҳаллий кенгашларнинг сессияларида тўлиқроқ маълумотлар келтирилмоқда.

Жиззахдаги вазият

10 сентябрь куни Жиззах шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг ўнинчи сессияси материаллари бўйича маълумот берди.

«Жиззах шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг COVID-19 бўйича топширган тест натижаларига кўра 52 нафар педагог ходимларда инфекция аниқланган. Айни дамда улар тегишли тартибда даволанмоқда», — дейилади хабарда.

Бу маълумотлар ССВ ахборотларидан буткул фарқ қилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича Жиззах вилоятида сентябрь ойида фақат 4 сентябрь куни коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар рўйхатга олинган бўлиб, ўша куни 8 та ҳолат аниқланган. Жиззах шаҳар ҳокимлиги хабар чиқарган кун — 10 сентябрь ҳолатига кўра ССВ Жиззах вилоятида коронавирусга чалинганларнинг 163 нафаридан 146 нафари тузалгани, 7 нафари вафот этгани, даволанишни давом эттираётганлар 10 нафарни ташкил этаётгани бўйича жадвал тақдим этганди. Ўша кундан буён бу рақамлар ўзгармади.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

«52 ўқитувчининг баъзиларида августда коронавирус аниқланган бўлса-чи?» деб ўйлайдиган бўлсак ҳам статистикалар тўғри келмайди. Чунки Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 августдан ҳозиргача Жиззах вилоятида 23 кишидагина касаллик қайд этилганини хабар берган.

Жиззах вилоятининг бошқа туманларида ҳам ўқитувчилар орасида ўнлаб касалланиш ҳолатлари қайд этилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳар ҳолда биргина Жиззах шаҳрида 52 нафар педагогда касаллик аниқланганда, қолган 12 та туман ўқитувчилари орасида COVID-19 юқтириб олганлар умуман йўқлигига ишониш қийин.

Агар Жиззахнинг бошқа туманларида ҳам Жиззах шаҳридагидек ўқитувчилар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўп аниқланса, вилоят Ўзбекистонда энг кам касаллик аниқланган ҳудуд мақомини йўқотиши мумкин.

Бухородаги вазият

13 сентябрь куни Бухоро вилоят ҳокимлиги биносида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева иштирокида брифингда вилоятдаги қатор мактаб ўқитувчилари ва техник ходимлардан коронавирусга олинган тест натижалари эълон қилинди.

Вилоятдаги 28 053 нафар педагог кадрлардан 18 831 нафарининг тест натижаси олиниб, уларнинг 239 нафарида коронавирус аниқланган:

  • Бухоро шаҳридаги 3259 нафар ходимдан 46 нафарида;
  • Когон шаҳрида 666 нафардан 11 нафарида;
  • Олот туманида 1237 нафардан 23 нафарида;
  • Бухоро туманида 1843 нафардан 22 нафарида;
  • Вобкент туманида 1903 нафардан 33 нафарида;
  • Қоракўл туманида 1575 нафардан 20 нафарида;
  • Пешку туманида 855 нафардан 29 нафарида;
  • Ромитан туманида 1860 нафардан 15 нафарида;
  • Когон туманидаги 9055 нафардан 9 нафарида;
  • Ғиждувон туманида 2608 нафардан 10 нафарида;
  • Қоровулбозор тумани 385 нафардан 7 нафарида;
  • Жондор туманида 857 нафардан 8 нафарида;
  • Шофиркон туманида 828 нафардан 5 нафарида коронавирус инфекциясига топширилган тест натижаси «мусбат» чиққан.

Дилфуза Мустафоева 239 кишида коронавирус аниқланганини айтган бўлса-да, 238 нафари ҳақида маълумот берган.

«Дарё»га маълум бўлишича, Бухоро вилоятида ўқитувчилардан 4 сентябрдан бошлаб тест олиш бошланган. ССВнинг 3 сентябрь соат 23:30 ҳолатига кўра берган жадвали бўйича Бухорода коронавирус қайд этилганлар сони 1061 нафарни ташкил этаётганди. 13 сентябрь соат 23:30 га келиб эса вилоятда COVID-19 га чалинганлар сони 1083 нафарга етган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10 кун ичида Бухорода фақат 22 кишини коронавирусга чалинганлар рўйхатига киритган. Вилоят ХТБ эса фақат мактаб ходимлари орасида коронавирус юқтириб олганлар сони бундан 11 баравар кўплигини билдирмоқда.

Бухорода ҳозирга қадар тести натижаси чиққан мактаб ходимларининг 1,26 фоизида коронавирус қайд этилган. Агар бу тенденция давом этса ва 28 минг ходимнинг барчасининг тести натижаси чиқса, вилоятда коронавирус аниқланган мактаб ўқитувчиси ва техник ходимлари сони 350 нафарга етиши мумкин.

Самарқанддаги вазият

Самарқанд вилоятининг Жомбой, Пайариқ, Ургут ва Нуробод туманларида халқ депутатлари кенгашлари ўтказилди.

11 сентябрь куни халқ депутатлари Жомбой туман кенгашининг навбатдаги сессиясида депутатларга ахборот берган Жомбой туман халқ таълими бўлими мудири З.Юсупова янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида 48 та мактаб жамоасидан 1 934 нафар ўқитувчи тиббий текширувлардан ўтказилгани, текширув натижасида 40 нафар педагогда коронавирус аниқланганини маълум қилди.

Мудира ўша йиғилишда яна 28 та мактаб ўқитувчиларидан олинган тест натижалари кутилаётганини айтганди. Ушбу мактаб ўқитувчилари тести натижаси чиқса, Жомбойда коронавирус қайд этилган ўқитувчилар сони 100 нафар атрофида бўлишини прогноз қилиш мумкин.

Пайариқ туман СЭО маркази томонидан тумандаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 1860 нафар педагог-ходим COVID-19 вирусига тест топширган. Туман ҳокимлиги биринчи куни тест топширган 576 нафар педагог-ходимдан 60 нафарида коронавирус аниқланганини 12 сентябрь куни хабар берди. Қолган 1284 нафар ходимнинг тести натижаси ҳақида ҳозиргача ахборот берилмади. Аммо биринчи куниёқ тест топширганларнинг 10 фоиздан ортиғида касаллик аниқлангани ҳисобга олинса, 1860 кишидан 200 га яқинида коронавирус қайд этилиши мумкин.

Ургут туманида 6251 нафар ўқитувчининг 2016 нафари коронавирусга тест топширган ва 4 сентябрь куни 250 нафар ўқитувчидан 37 нафарида вирус аниқланган. Қолган 1766 нафар ўқитувчидан олинган тест намуналари натижаси ҳали тақдим этилмагани айтилмоқда. 4 сентябрнинг ўзида 14,8 фоиз ўқитувчида коронавирус аниқланган бўлса, 6251 нафар ўқитувчининг бари тест топширса, COVID-19’га чалинганлар сони 900 нафардан ошиши ҳам мумкин. Ургутлик депутатлар туман мактабларида 14 сентябрдан анъанавий шаклда ўқишни бошлашни рад этган.

Нурободда эса депутатлар 14 сентябрдан барча мактабларда анъанавий усулда ўқишни бошлашни ёқлаб овоз берган. Тумандаги мактаб ходимларидан 43 нафарида коронавирус қайд этилиши ҳам депутатларни мактабларни очиш фикридан қайтармаган. Zarnews хабарида қанча педагогдан тест олинганига аниқлик киритилмаган.

Самарқанд шаҳридаги эпидемиологик вазият ҳам Ургутдаги каби жиддийроқ кўринади. Ота-оналарнинг 69,1 фоизи фарзандлари дарсларни онлайн тарзда олишини билдирган. Депутатлар ҳам 21 сентябрдан шаҳардаги фақатгина иккита мактабда, фақатгина бошланғич синфлар учун анъанавий таълим жараёнини бошлашга рухсат берди. Самарқанд шаҳридаги ўқитувчиларнинг коронавирусга топширган тестлари бўйича маълумот келтирилмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича сентябрь ойида Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар сони ҳозиргача 239 нафарга кўпайган. Юқорида таъкидланганидек, Жомбой, Пайариқ, Ургут ва Нуробод туманларининг ўзида камида 180 нафар мактаб ходимида COVID-19 қайд этилган. Вилоятнинг барча туман-шаҳарларидаги бошқа педагог-ходимлари топширган тест натижалари ҳам эълон қилинса, касалланганлар сони бир неча баробарга кўпайиши эҳтимоли жуда катта.

Хулоса ўрнида

Юқорида фақат мактаб ходимларида аниқланган коронавирус ҳолатлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилиб бораётган кунлик ахборотдаги рақамлар билан солиштирилган. Табиийки, кўрсатиб ўтилган кунларда фақат ўқитувчиларда касаллик аниқланиб, бошқа касб эгаларида COVID-19 қайд этилмаган бўлиши эҳтимоли кам. Бундан ташқари, коронавирус аниқланган мактаб ходимлари ҳам — уларнинг аксарияти касалликни белгисиз ва енгил ўтказаётгани таъкидланаётгани ҳисобга олинса — тест топширгунча ёки тест натижаси чиққунча касалликни бошқаларга юқтиришга улгурган бўлиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазирлиги масъуллари, коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳар турли штаб вакиллари Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ҳақиқий рақамлар яширилмаётгани, давлат «бундан манфаатдор эмас»лиги ҳақида мунтазам бонг уради. Аммо биргина мактаб ходимлари мисолида ССВ номидан эълон қилинаётган расмий статистиканинг ҳаққонийлиги шубҳа остида қолмоқда. Бу ҳозирги ҳозирги пандемия шароитида аслида пайдо бўлмаслиги лозим бўлган, зудлик билан олди олиниши керак бўлган шубҳа. Чунки коронавирусга қарши мамлакат миқёсида кўрилаётган ва кўриладиган чораларга ҳам, у ёки бу муҳим чоранинг (ўз вақтида) кўрилмаслигига ҳам айнан шу статистика рақамлари асос бўлади.

Худди ҳудудлардаги кенгашларнинг депутатлари коронавирусга чалинган ўқитувчилар сонидан келиб чиқиб, ўрта таълим мактабларини ё бугун, ё келаси ҳафта, ё ой охирида очиш ҳақида қарор қабул қилаётганидек. Буёқда эса Президент «ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга... уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкин»лигидан огоҳлантирган.

Муаллиф:Дилшод Шарипов