Америкалик афсонавий баскетболчи Майкл Жорданга тегишли бўлган Mercedes-Benz S600 eBay онлайн аукцион орқали сотилди. Ўзининг кимлигини ошкор қилмаган харидор Lorinser тюнинг-ательеси томонидан таъмирланган купе учун 202,2 минг доллар тўлаган. Таққослаш учун бу пулга янги Porsche 911 Turbo S беради, деб хабар қилади Motor.
Green Black Metallic рангли автомобилнинг бошланғич ставкаси 23 долларни ташкил этган. Савдолар давомида 177 та ариза келиб тушган бўлиб, бу машина нархини қарийб 9 минг баробарга кўтариб юборган.
Автомобилга 18 дюймли хромланган ғилдирак дискалари ва иккиталик Lorinser газ чиқаргичи, электр узатмали люк, тормоз дискалари ва автоматик трансмиссия ўрнатилган. 1996 йилги нусхалар ўриндиқларни иситиш, кондиционер, круиз-назорат, хавфсизлик ёстиқчаси ва оғиш бурчагига қараб мосланувчи руль билан жиҳозланган.
S600 модели 389 от кучига эга 6,0 литрли V12 ёрдамида ҳаракатга келади. 24 ёшли машина одометрига кўра, у 252,6 минг километр йўл босган.
Автомобиль билан бирга харидор машинага дастлаб Майкл Жордан ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Хуанита Ваной эгалик қилганини кўрсатувчи ҳужжатларга ҳам эга бўлган. Бундан ташқари, Mercedes’га телефон ўрнатилган бўлиб, ундан фойдаланилганида қурилма панелида NBA афсонасининг исми пайдо бўлади.
Аввалроқ АҚШда Элтон Жонга тегишли бўлган ноёб Delahaye 175 кабриолети, рок-мусиқачи Эрик Клептоннинг Ferrari 599 GТB автомобили сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)