Тошкент шаҳридаги жамоат транспортининг барча турлари, шу жумладан, Тошкент метрополитенининг ерости қисми ҳамда йўналишли таксилар 15 августдан ўз фаолиятини қайта тиклайди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси маълум қилди.
Республика махсус комиссиясининг 12 августдаги қарори билан мамлакатнинг барча ҳудудларида жамоат транспорти фаолиятига 17 августидан рухсат берилиши маълум қилинганди.
Компания томонидан хабар берилишича, кенг жамоатчиликнинг талабидан келиб чиқиб 17 август эмас, балки 15 августдан жамоат транспортининг барча тури, шу жумладан, Тошкент метрополитени ҳамда йўналишли таксилар ҳам ўз ҳаракатини бошлайди. Жамоат транспортидаги ҳаракатланишда ҳар тарафлама карантин талаблари риоя этилиши қатъий назоратга олинади.
Шунингдек, Тошкент шаҳридан Тошкент вилояти ҳудудига чиқувчи барча автобус йўналишлари фаолияти ҳам қайта тикланади.
Аввалроқ Тошкент метрополитени 15 августдан қайта иш бошлаши ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков метролардаги умумий вентиляция тизими коронавирус инфекцияси тарқалиш хавфини ошириши сабабли уларнинг ҳаракатланишига рухсат берилмаётганини айтганди.
Изоҳ (0)