Ўзбекистонга эпидемиологик вазият яхши бўлган давлатлардан келган шахсларни карантинига олиш ва ундан чиқариш тартиби енгиллаштирилади, пневмониядан тузалган аҳолини реабилитация қилиш марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида 12 август, чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.
«Дарё»га маълум бўлишича, йиғилишда хорижий давлатлардан келган фуқароларни карантинга олиш муддатини 7 кунгача қисқартириш масаласи кўриб чиқилган.
Шунингдек, эпидемиологик вазият яхши бўлган давлатлардан келган шахсларни карантинга олмаслик тартибини жорий қилиш кераклиги қайд этилган. 7 кунлик карантиндан кейин тестлар вирус йўқлигини тасдиқлайдиган бўлса, карантиндан чиқариш кераклиги таъкидланган.
Вирус камайган давлатлардан келганларни уй карантинига ва вирус камаймаган давлатлардан келганларни алоҳида карантинга олиш лозимлиги таъкидланди.
Коронавирусли пневмония бемор тузалганидан кейин ҳам унинг ички органларида оғир асорат қолдириши сабабли пневмониядан тузалган аҳолини реабилитация қилиш марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
Санитария-эпидемиология хизматига коллектив иммунитет шаклланиш жараёнини мониторинг қилиб бориш учун антитаначалар таҳлилини ўтказишни йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дастлаб хориждан келганларни ва касалланганлар билан алоқада бўлганларни 14 кунлик карантинга олиш тартиби жорий қилинганди. Кейинчалик карантинга олиш муддати 10 кунгача қисқартирилди.
Изоҳ (0)