АҚШдан Ўзбекистонга 26 киши депортация қилинди
АҚШнинг миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган 26 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган чартер рейс Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, икки томонлама ҳамкорлик доирасида фуқароларнинг шахсини аниқлаш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларни хавфсиз олиб келишни таъминлаш бўйича барча ташкилий-ҳуқуқий жараёнлар тезкор равишда келишиб олинган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон миграция соҳасида хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантириб бормоқда. Бунда миграция қонунчилиги бузилишининг олдини олиш, шунингдек, чет элдаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Ўзбекистонга депортация рейсини амалга ошириб, 11 март куни 72 нафар Ўзбекистон фуқаросини қайтарганди.
Президент Трамп лавозимга киришганидан буён Қўшма Штатлар ноқонуний иммиграцияга чек қўйишга ҳамда ўз чегаралари ва фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган ўз мажбуриятлари доирасида мингдан зиёд Ўзбекистон фуқаросини депортация қилган.