Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида яшовчи Пахта Василова вилоят ҳокими Зоир Мирзаевга видеомурожаат қилиб, яшаш шароити оғирлигини айтган ва туман ҳокимлиги, маҳалла масъуллари бирор марта ҳам ҳолидан хабар олмаслигидан шикоят қилган. Деҳқонобод ҳокими Зоир Алиқулов мазкур ҳолатни ўрганганда мурожаатчи аёл доимий эътиборда эканлиги маълум бўлган.
Деҳқонобод ҳокими Зоир Алиқулов 2020 йил 3 август куни аёл хонадонида бўлган. Бу ҳақда хабар берган туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳоким мурожаатчи хонадонида илгари ҳам бир неча маротаба бўлганини ёзган. Ҳоким аёл хонадонида бўлиб, оиланинг шарт-шароитини ўрганган. Мурожаатда айтилган муаммоларга қулоқ тутган.
Маълум бўлишича, Пахта Василова яшовчи хонадонда саккиз киши истиқомат қилади. Фуқаро яшовчи уй унинг жияни Асқар Абдумуродовга тегишли бўлиб, аёл ушбу уйда 1992 йилда туғилган ногирон қизи М.Дониёровани парваришлаб келади. Фуқаронинг биринчи гуруҳ ногирони сифатида рўйхатга олинган қизи доимий равишда ногиронлик нафақаси билан таъминланган.
«Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Меҳри Йўлдошеванинг маълумот беришича, фуқарога 2018 йил апрель—май ойларида, шунингдек, Хотира ва қадрлаш куни ва 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари берилган. 2018 йил 2 декабрь куни Ногиронлар куни муносабати билан фуқаро М.Дониёровага туман ҳокимлиги томонидан ҳомийлик совғаси берилган», — дейилади ҳокимлик тарқатган расмий муносабатда.
Қўшимча қилинишича, фуқаро Пахта Василованинг оиласига 2019 йил октябрь ойида Деҳқонобод калий заводи томонидан бир неча маротаба озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор, маиший техника (телевизор, электр печ)лар совға қилинган. Ҳайит байрамида тадбиркор Абдушукур Дониев томонидан бир қоп ун ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилган.
«МФЙ раисининг маълумот беришича, фуқаро Пахта Василовада марҳум турмуш ўртоғидан мерос қолган 60 бош қўй, 2 бош қорамол ва ‘Аэродром’ МФЙ биноси олдида қурилган бир хонали савдо дўкони (ҳозир бошқа фуқарога сотилган) мавжуд бўлса-да, ногирон фарзанди М.Дониёровани рўкач қилган ҳолда масъул ташкилотларга мурожаат қилиб келади», — дейилади ҳокимлик муносабатида.
Таъкидланишича, мурожаатимни ҳеч ким тингламаяпти, деган аёлнинг ҳеч бир мурожаати ҳокимлик ва масъул ташкилотлар эътиборидан четда қолмаган.
Изоҳ (0)