Фарғонада вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан 15 минг эҳтиёжманд фуқарога коронавирусга қарши дори-дармон ва ҳимоя воситалари тарқатилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги

Қайд этилишича, махсус дори қутиларида бактерия ҳамда вирусларга қарши, иммунитетни кўтарувчи 21 турдаги дори воситалари, витаминлар, тиббий ниқоблар ва антисептик геллар жамланган.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, кўп йиллик хизматлари ҳамда меҳнатлари учун мукофотланган фахрийлар, хизмат вақтида вафот этган ҳарбийлар оиласи, афғон уруши иштирокчилари, ногиронлиги бўлган фуқаролар, чин етимлар, эҳтиёжманд оилаларга қиймати 350 минг сўм бўлган дори-дармонлар тўплами бепул етказиб берилган.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги

Таъкидланишича, вилоятда пандемия шароитида беморларни даволаш ва карантин чоралари асосида яккалаш мақсадида мавжуд қувватга қўшимча тарзда 30 дан ортиқ санаторий, спорт заллари ва бошқа объектлар негизида 12 минг 600 та ўрин-жой захираси шакллантирилган.

Карантин вақтида коронавирус беморларини даволаш ва касаллик профилактикаси учун зарур бўлган дори-дармон ва тиббий буюмларнинг уч ойлик захирасини яратиш учун вилоят бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги

Тайёрланган захира ўрин-жойлари ҳамда махсус тақсимлаш масканларига 500 нафар шифокор, 1500 нафар ҳамшира жалб этилиб, уларга 1 миллион ва 500 минг сўмдан аванс маблағлари тўлаб берилган.

Коронавирусга шубҳа қилинган беморлар билан ишлайдиган алоҳида мобил гуруҳлар ташкил этилган. Бу мобил гуруҳларга ҳар бир шаҳар, туман учун вилоят ҳокимлиги томонидан Damas, 500 та кислород аппарати, 200 та пулсоксиметр ва 50 мингта экспресс тестларга буюртма берилган.