Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Муса Ерниязов 72 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарлар июль ойи бошида пайдо бўлганди. Аммо ўшанда Қорақалпоғистон раҳбарияти бу хабарларни қатъий рад этганди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) 18 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақида хабар берганди. ССВ Ерниязовнинг аҳволини барқарор деб баҳолаганди. Муса Ерниязовда коронавирус инфекцияси тасдиқланганидан бери у Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон филиали клиникасида даволанган.
30 июлдаги АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоси Анвар Алимов Муса Ерниязовнинг аҳволи оғирлиги ва у сунъий нафас олиш аппаратига уланганини маълум қилганди.
Муса Ерниязов 1947 йил 20 декабрда Кегейли туманида туғилганди. У 2002 йилдан бери Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимида ишлаб келаётганди.
«Дарё» ҳисоби бўйича коронавирус асоратларидан вафот этганлар сони 146 нафарга етди.
Изоҳ (0)