Қашқадарё вилоятида айни кунга қадар вилоят прокуратураси, ИИБ бошқармаси, вилоят почта, кадастр, Қарши ва Қамаши туман ҳокимликларида коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилган. Бу ҳақда ҳоким иштирокидаги брифингда маълум қилинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, 24 июль куни Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев иштирокида матбуот брифинги бўлиб ўтган.
Зоир Мирзаев қашқадарёлик блогер капитан Каримов (Умид Каримов)нинг матбуот котиби ва бир нечта масъуллар коронавирусда гумонланиб, карантинга олингани ҳақидаги хабарига муносабат билдирар экан, ҳеч ким касалликдан кафолатланмаганини айтди.
«Ҳеч ким касалликка чалинмайди, деб бўлмайди. Ҳеч ким бундан кафолатланмаган. Аммо маълумот тарқатишда аниқ ва асосланган бўлишига эътибор қаратиш лозим деб ўйлайман. Тан олиб айтиш керак, айни кунга қадар вилоят прокуратураси, ИИБ бошқармаси, вилоят почта, кадастр, Қарши ва Қамаши туман ҳокимликларида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилди», — деди Зоир Мирзаев.
Эслатиб ўтамиз, Зоир Мирзаевнинг матбуот котиби Аҳрор Содиқовнинг коронавирусда гумонланиб, карантинга олингани ҳақидаги хабарга ҳокимлик ахборот хизмати муносабат билдириб, буни рад этганди. Аҳрор Содиқов ишда эканлигини исботлаш мақсадида видеочиқиш ҳам қилганди.
Изоҳ (0)