Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов интернет тармоғида тарқалган хабарга муносабат билдирди.
Бир неча кундан буён тармоқда айланиб юрган «Коронавирус ўпкага ўтишидан аввал, томоқда 4 кун сақланиб туради, шу пайтда йўтал ва томоқ оғриқ бошланади. Агар шу давр ичида кўп сув ичилса, туз ва уксусли сувда томоқ чайқалса, вирус йўқолади», — деган хабарга мутахассис қуйидагича муносабат билдирган. «Вируснинг тарқалиши инсон иммунитети ва юқори нафас йўлларининг шиллиқ қаватига боғлиқ. Томоқни чайиш вирус тарқалиши ва кўпайиши учун ҳеч қандай тўсиқ яратмайди. Аксинча, cирка билан томоқни чайиш шиллиқ қаватларни тирнаб, безовта қилади ва вирус кириш юзасини кенгайтиради», — деди Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси.
Шу билан бирга, Оқилов кўп миқдорда сув ичиш интоксикация жараёнини енгиллаштириш учун вирусли инфекция билан касалланган барча беморларга тавсия этилишини билдирган.Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Бош давлат санитария инспектори томоқдаги коронавирусни туз ва cиркали сув билан йўқ қилиш мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларни рад этган. Шунингдек, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги пиёз коронавирусни ўлдириши ҳақидаги хабарларни сафсата деб атаган, Бош давлат санитария инспектори саримсоқ пиёз ҳам антибактериал, ҳам антивирус препарат эмаслигини билдирган эди.
Изоҳ (0)