Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кириш учун ижодий имтиҳонлар 1 августдан бошланади. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов АОКАда 9 июль, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ижодий имтиҳонлар 25 июлдан бошланиши керак эди. Бу борада ўзгариш бор, энди улар ҳам 1 августдан бошланади.
«Бу сурилиш ижодий имтиҳонлар ўтиш жараёнига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Имтиҳонлар 20 кунга мўлжалланган эди. Шу вақт оралиғида ўтказилади», — дея маълум қилди Иномжон Мажидов.
Аввалроқ Давлат тест маркази давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари онлайн ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этганди.
Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонларини 25 июлдан 20 августгача ўтказиш режалаштирилаётганди. Бироқ Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинади.
Маълумот учун, 2020/2021-ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатлари ДТМ сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинмоқда. Тест синовлари карантин қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади, ҳужжатлар 20 июндан 20 июлгача (20 июль куни ҳам) қабул қилинади.
Изоҳ (0)