Тошкент вилоятидаги олти туман ҳудуди Тошкент шаҳрига қисман қўшилиши кутилмоқда. Бу ҳақда, давлат раҳбари администрациясининг баёнига кўра (нусхаси «Дарё» таҳририятида бор), Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 июнь куни Олмазор туманига қилган ташрифидан сўнг маълум қилинган.

Фото: Livejournal / Gelio

Ҳужжатда белгиланишича, Қурилиш вазирлигига «Давергеодезкадастр» қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент шаҳрининг 2030 йилгача ривожлантириш бош режаси лойиҳасини ишлаб чиқишни қайта кўриб чиқиш топширилган.

Лойиҳада Тошкент шаҳри ҳудудига Тошкент вилоятининг Тошкент, Янгийўл, Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудининг қисман қўшилиши натижасида чегара ҳудудлари ўзгариши ва йўлдош шаҳарчалар қурилишини инобатга олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Аввалроқ Тошкентни 2041 йилгача ривожлантириш бош режа лойиҳасини ишлаб чиқишга доир Президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Унда ҳам Тошкент, Қибрай, Зангиота, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларининг бир қисми пойтахтга қўшилиши кўрсатиб ўтилган эди. Қарор муҳокамаси 13 май куни якунига етган, қачон имзоланиши номаълум.

Benoy томонидан таклиф қилинган Тошкентни 18 минг гектарга кенгайтириш лойиҳаси.

Кадр: Vimeo

2019 йил июнида эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийлари Тошкент шаҳри яқин келажакда 18 минг гектарга кенгайиши мумкинлиги, Янги Тошкент пойтахтнинг шарқ томонида, Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғи бўйлаб жойлашишини маълум қилган эди. Бундан аввалроқ Британиянинг Benoy компанияси Чирчиқнинг чап соҳилида жойлашган Янги Тошкент лойиҳасини намойиш этган эди.

Фото: Telegram / @tashkentvokrug

2019 йил кузида Президентга тақдим этилган Тошкент метрополитенини ривожлантириш концепциясида Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғида «Янги Шаҳар» метро бекатининг лойиҳавий жойлашуви кўрсатиб ўтилган эди.

Шаҳар бош режаси — алоҳида мавзу

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил августидаги фармони билан пойтахт ҳокимлигига 2019 йил 1 январга қадар Тошкентнинг бош режаси концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасини тақдим этиш, шунингдек, 2019 йил 1 декабргача тасдиқланган бош режа концепцияси асосида пойтахтнинг янги бош режасини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши тўғрисида топшириқ берган эди.

2019 йил февралида бош режа концепцияси апрель ойи охиригача тайёр бўлиши, лойиҳа устида Хитой, Туркия, Буюк Британия компаниялари иш олиб бораётгани билдирилган эди (аслида концепцияни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси 2019 йил 1 январгача Президентга киритилиши лозим эди). Бунинг учун Тошкент 3D-камералар ўрнатилган вертолётлар воситасида, бош вазир Абдулла Арипов ва пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида «сканердан ўтказилиши» айтилди. Апрель ойига келиб бош режа концепцияси тақдимоти 20 майгача кечиктирилгани маълум бўлди.

Бортида бош вазир Абдулла Арипов ва Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлган вертолёт пойтахтни «сканердан ўтказмоқда», 2019 йил 10 март.

Фото: «Gazeta.uz»

Июнь ойида эса қурилиш вазири ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов журналистларнинг Тошкент шаҳар бош режаси концепцияси нима учун кечикаётгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, бу шаҳар ҳокимлигининг муаммоси эканини таъкидлаган, шунга қарамай: «Концепция яқин бир ярим—икки ой ичида тайёр бўлади», деб маълум қилган эди. Бу орада Британиянинг Benoy архитектура компанияси, юқорида таъкидланганидек, Чирчиқнинг чап соҳилида қуриладиган Янги Тошкентнинг мастер-плани лойиҳасини тақдим этди (кейинроқ шаҳар ҳокимлиги бу ҳали тасдиқланмаган лойиҳа эканлигини маълум қилди).

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2019 йил май ойида блогер Кирилл Алтманга берган интервьюсида бош режа масаласида шошилмаслик кераклигини таъкидлаган эди. 2019 йил июнь ойи охирида бўлиб ўтган матбуот анжуманларининг бирида эса ҳоким стратегияни белгилашда ҳар доим ҳам бош режа лозим деб ўйламаслигини таъкидлаган. «Ҳозир, кўпчилик, бош режа бўлса, ҳаётимиз осонлашиб қолади, деган тушунчада юрибди. Аммо, бош режа иқтисодий-сиёсий ёхуд бошқа соҳаларда ривожланишларни белгилаб беради, дегани эмас», — деганди ҳоким Ортиқхўжаев.

2019 йил октябрига келиб Тошкент шаҳар ҳокимининг Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов Сенатдаги чиқишида айни вақтда Туркия компанияси томонидан бош режа лойиҳаси тайёрланаётгани, уни 2020 йилда тақдим этиш кутилаётганини маълум қилган эди. «Ўйлайманки, биз кейинги йилларда бош режани жамоатчиликка ва раҳбаримизга тақдим этамиз», — деганди у.