Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ноқонуний дала-ҳовлиларнинг бузилиши юзасидан 2 июль куни ОАВ вакиллари учун пресс-тур уюштирилди. Тадбир Тошкент вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, АОКА ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Пресс-тур давомида Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров тумандаги туристик зоналарда ўзбошимчалик билан қурилган объектларнинг бузиб ташланаётгани юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.

«Тошкент шаҳридан Бўстонлиққа келгунча йўлдаги гўзал манзарани кўриб, одамнинг баҳри дили очилади — ҳаммаёқ кўм-кўк дарахтзор. Бу бизники, шу халқники. Шу ерда одамларга яхши шароит яратиб, табиат жозибадорлигини сақлашимиз, сайёҳларни кўпроқ жалб қилишимиз керак. Бўстонлиққа сайёҳларнинг келишидан кимга фойда? Ҳудуддаги халққа фойда. Маълум тўлов эвазига сайёҳнинг хизматини, чойини қилиб беради.

Йўл четлари, дарё бўйлари, кучли электр қуввати ўтган нуқталарда қурилиш ишларини амалга ошириш қонунан мумкин эмас. Бу аҳоли учун ҳам жуда хавфли. Туманда бунёд этилган объектларни ўрганиш давомида электр сими ўтган жойда ҳам, йўлнинг четида ҳам қурилишлар қилинганига гувоҳ бўлдик. Айрим кўчаларда юришга йўлакча ҳам йўқлигини кўрдик — аҳоли уйларига қўшиб олган. Қисқаси, сув бўйлари, йўл четларини ноқонуний эгаллаб олганлар жуда кўп.

Туман ҳудудида ёш болаларнинг сил касалликлари сиҳатгоҳи бор. У ерга бутун республикадан болалар келиб даволанади, ўқийди. Ҳатто ўша ташкилот ҳудуди ҳам талон-торож қилинган. Кимдир уй қуриб битказиб олган, айримлар эса энди уй қуряпти», — деди Ёдгоров.

Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Олий суд вакилининг қайд этишича, улар орасида қалбаки ҳужжат асосида қурилиш қилганлар ҳам мавжуд. Улар ижтимоий тармоқлар орқали ўзини оқ, давлат ташкилотларини қора қилиб кўрсатмоқда.

«Бир аёлнинг сув бўйидаги хавфли жойга қурилган уйи бузиляпти, у эса ижтимоий тармоққа чиқиб олиб дод-вой соляпти. Оммани ўзига ишонтириш учун ‘уйимни огоҳлантиришсиз бузишяпти’, деяпти. Аммо уни икки ойдан бери огоҳлантириб келяпмиз, бу ерда қуриш мумкин эмас, ноқонуний иш қилма, деб кўп марта айтдик. Аёл ‘ҳужжатим бор’, деб чиқди. Бироқ унинг ҳужжати Давлат хизматлари агентлиги орқали эгалик ҳуқуқидан ўтаётган пайтда қалбаки бўлиб чиқди. Суриштирсак, маҳалла раиси лавозимида ишлаган қайнотаси 2019 йилда 1998 йилги ҳужжатни қалбакилаштирган экан

Бу ердаги ‘дача’ларнинг кўпи одамларга хизмат кўрсатиш учун ноқонуний қурилган. Аксарияти хавфсизлик талабларига жавоб бермайди, дид жиҳатдан ҳам яхши эмас. Ер беришнинг ҳам тартиб-қоидаси бор. Ҳар бир фуқаро қурилиш қиладими, ‘дача’ қурадими, тартибга бўйсуниши керак. Бўстонлиқ — тоғли ҳудуд, хавфли жойлари ҳам бор. Эртага кимнингдир уйини сел олиб кетиши, турган жойи ўпирилиб тушиши мумкин.

Мазкур туманда бузилаётган уйлар 2018 йилнинг 20 апрелидаги ўзбошимчалик билан қурилган уйларга берилган бир марталик давлат акциясидан кейин қурилган объектлар ҳисобланади. Унгача бўлган уйларнинг барчасини ҳужжатлаштириб берганмиз. Лекин ноқонуний қурилган уйлар албатта бузилади. Бир йил ичида 1193 гектар ер қайтариб олинди.

Биз аҳолига қонуний иш қилишни, хавфсизлик қоидаларига риоя этишни тўғри тушунтира олишимиз керак», — дея қўшимча қилди Холмўмин Ёдгоров.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати