Мьянманинг шимолидаги Качин штатида жойлашган Пхакан шаҳри ҳудудидаги жадеит ва нефрит конида кўчки юз берди. Кўчки оқибатида 126 киши қурбон бўлган. Қутқарувчилар жароҳат олган 23 кишини касалхонага олиб борган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Маълум қилинишича, кўчки остидан 126 кишининг жасадлари ва жароҳат олган 23 киши чиқариб олинган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Пхакан ҳудудидаги нефрит конларида ҳалокатли оқибатларга олиб келувчи кўчкилар тез-тез юз бериб туради. Мамлакатнинг жадеит ва нефрит қазиб олиш бўйича асосий конлари мазкур ҳудудда жойлашган. Мазкур қимматбаҳо тошлар қўшни давлатларга, хусусан, Хитойга экспорт қилинади.
Оғир техникалар ишлайдиган конларнинг маъмуриятлари тошларни қидириш ишларига мустақил изловчиларни ҳам жалб қилади. Мустақил изловчилар тошлар изланаётган конларнинг ичида қолиб ишлайди. Кўчкилар юз берган вақтда кўпинча айнан мустақил изловчилар ҳалок бўлади.
Аввалроқ Норвегияда содир бўлган кўчки оқибатида 8 та уй денгизга ғарқ бўлгани ҳақида хабар берилганди. Хитойда эса кучли ёғингарчилик оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлганди.
Изоҳ (0)