Самарқанд вилоятида 27 июнь куни икки бошли чақалоқ дунёга келганлиги ҳақида хабар берилганди. «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев биринчи марта кузатилаётган ушбу ҳолат бўйича Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассислари билан суҳбатлашди.

Самарқандда икки бошли чақалоқ дунёга келди.

Фото: «Дарё»

«Сиам эгизаклари 200 минг нафар чақалоқдан биттасида учрайди. Бундай эгизакларнинг узоқ вақт яшаганлари ҳам бор. Мен юртимизда бундай туғилиш ҳақида эшитмаганман. Аниқроғи, 17 йиллик фаолиятим давомида бундай туғилишни кўрмаганман, – дейди Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази чақалоқлар анестезиолог-реанимотологи Собиржон Раҳмонов.

27 июнь куни Самарқанд вилоят перинатал марказида кесарча кесиш усули билан дунёга келтирилган чақалоқ сиам эгизакларининг дицефал турига мансуб бўлган қизлар. Уларнинг танаси битта, бир жуфтдан қўл ва оёғи бор. Юраги ўпкаси, ошқозони ва бачадони иккитадан. Буйраклари эса тўртта.

Фото: «Дарё»

Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари Дилшод Раҳмоновнинг маълум қилишича, она ҳомиладорлигининг 16 ва 21 ҳафталигида скрининг текширувидан ўтказилган. Ўшанда болада туғма нуқсонлар борлиги ҳақида айтилган.

«Бу жуда кам учрайди. Бир неча йил умр кўрганлари, ҳатто 20-30 ёшга кирганлари ҳам бор. Ҳар хил турдаги ҳолатлар учрайди. Бу чақалоқлар мураккаб турдаги сиам эгизаклари ҳисобланади. Биздаги чақалоқнинг бошчаси иккита, танаси тўлиқ битта. Шу сабабли яна қўшимча мураккаб текширувларни ўтказиб, консултантлар хулосасини олмоқчимиз. Келажакда чақалоқни даволаш йўналишида иш олиб борилади», – Дилшод Раҳмонов.

Фото: «Дарё»

Марказдаги сиам эгизакларига қараётган мутахассисларнинг маълум қилишича, реанимация бўлимида кузатув остида бўлган чақалоқнинг аҳволи ёмон эмас. Овқатланиши, қон айланиш ҳолатлари ҳозирча яхши. Болада кислород танқислиги кузатилганлиги сабабли махсус аппаратда сақлаб турилмоқда. Мутахассислар чақалоқнинг келажакда яшаб кетишидан умид қилиб, қўшимча текширувларни ўтказмоқда.

«Чақалоқнинг онаси ҳомиладор пайтда икки марта 16 ва 21 ҳафталикда скрининг текширувидан ўтказилган. Ўша вақтда шу ҳолатдаги бола туғилишига хулоса берилган. Ота-оналарининг талаби, уларнинг хоҳиши билан чақалоқ туғруқ жараёнигача етиб келган. Онасида ўтказилган ултратовуш текширувида ҳам бу ҳолат аниқланган ва онасида кесарча кесиш йўли билан туғруқ жараёни якунланган», – деди Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари.

Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда чақалоқнинг онаси туғруқ бўлимида. Онанинг аҳволи яхши. Чақалоқни текшириш, уни реабилитация қилиш мақсадида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига келтирилган.

«Бу ҳолат келиб чиқишининг омиллари кўп. Масалан, қариндош-уруғ ўртасидаги никоҳ. Оналар ёши катта бўлган ҳолатдаги туғруқда, экологик таъсирлар, радиацион нурлар, ташқи муҳит омиллари, генетик ҳолатлар. Ҳомиладорлик пайтидаги инфекциялар, стресс ҳолатлар, иқлим, яшаш шароити. Бунинг сабаблари кўп. Биз фаолиятимиз давомида бунақа беморларга дуч келмаганмиз. Шу сабабли бу беморни ўрганиш, текшириш, даволаш мақсадида республикамиздаги ва бошқа давлатлардаги замонавий даволаш усулларини ўрганяпмиз.

Айнан бизнинг марказимизда бундай ҳолатдаги чақалоқларни даволаш ишлари бўлмаган. Шу сабабли барча мутахассисларимиз билан биргаликда беморни бир неча бор кўрикдан ўтказдик. Текшириш натижасини белгилаганмиз. Дунё тажрибасини ўрганяпмиз. Уларни амалиётга татбиқ этиш йўлларини кўряпмиз. Вазифамиз қандай ҳолатда бўлса ҳам шу болани сақлаб қолиш», – деган шифокор «Дарё» мухбири билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил сентябрида Украинада икки бошли чақалоқ туғилган ва кейинроқ чақалоқнинг туғилишига ташқи омиллар таъсир қилгани, мазкур ҳолатни генетик хато эмас, балки ултратовуш таъсири ёки айрим дорилар истеъмоли келтириб чиқарган бўлиши мумкинлиги айтилганди. Шунингдек, ўтган йили Яманда ҳам икки бошли Сиам эгизаклари дунёга келган, аммо даволаниш учун хорижга юборилмаган чақалоқ вафот этганди.