Ўзбекистонда 28 июнь соат 23:30 дан 29 июнь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 274 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет еттинчи кун касалланганлар сони 200 нафардан ошмоқда. Бир кун ичида 274 кишида касаллик аниқланиши рекорддан кейинги иккинчи натижа ҳисобланади. 25 июнь куни 276 кишида касаллик аниқланганди. Янги қайд этилган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 8222 нафарга етди.
Янги касалланиш ҳолатлари
Янги касалланганларнинг- 244 нафари карантин муассасаларида;
- 30 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 20 нафар, Бухоро вилоятида — 6 нафар, Жиззах вилоятида — 4 нафар) аниқланган.
Тошкент шаҳрида 43 та янги ҳолат қайд этилди. Улардан 23 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 20 таси аҳоли орасида аниқланди. Аҳоли орасида касаллик аниқланиши бўйича Тошкент шаҳри июнь ойида 20 марта етакчилик қилмоқда. 26 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги туман ва шаҳарлар эпидемиологик тоифалари рўйхати янгиланди. Унда Тошкент шаҳри «сариқ»лигича қолди. Пойтахтдаги 333 та маҳалла «яшил», 87 та маҳалла «сариқ» ва 99 та маҳалла «қизил» тоифага киритилди.
Бухоро вилоятида 9 та янги ҳолат қайд этилиб, улардан 3 таси карантиндагилар орасида, 6 таси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда 2, 5, 10, 12, 14, 15, 16, 17, 21, 26 ва 27 июнь кунлари ҳам янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган, ушбу кунлар ичида 15 июндан бошқа барча кунларда аҳоли орасида коронавирус аниқланган. Бухоронинг Вобкент, Ғиждувон, Жондор ва Шофиркон туманлари «қизил» ҳудуд деб топилди.
Жиззах вилоятида бир кунда беш кишида коронавирус аниқланди. Бу кўрсаткич вилоят учун рекорд. Чунки Жиззахда бунгача касалланганлар сони ҳам 5 кишини ташкил этаётганди. Энди бир кун ичида улар сони 2 бараварга кўпайди. Янги касалланиш ҳолатларининг 1 таси карантиндагилар орасида, 4 таси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда Шароф Рашидов тумани «қизил» ҳудуд деб топилди.
Самарқанд вилоятида қайд этилган иккала ҳолат ҳам коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланган. Вилоятда бир кун олдин аҳоли орасида 4 кишида касаллик қайд этилганди. Самарқанднинг Нарпай тумани «қизил» ҳудудга айланди.
Касалликдан даволаниш
29 июнь давомида 167 нафар фуқаро соғайди. Улардан 115 нафари Тошкент шаҳрида, 22 нафари Сурхондарё вилоятида, 12 нафари Бухоро вилоятида, 11 нафари Наманган вилоятида ва 7 нафари Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасаларидан соғайиб чиқди.Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 8222 нафар бемордан 5496 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда. Бу июнь ойидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. 5 июнь куни бу борадаги кўрсаткич 81 фоизга ҳам чиққанди.
17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди, 23 июньда уларнинг сони 2000 нафардан ошди, 28 июнга келиб эса шифохонадаги беморлар сони 2500 нафардан ҳам ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 2702 нафар бемордан 2295 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 407 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.
Жиззахда 6, Қорақалпоғистонда 10, Наманганда 13, Андижонда 28, Бухорода 30, Сурхондарёда 34, Самарқандда 39, Навоийда 46, Хоразмда 60 ва Қашқадарёда 141 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди. Даволаниш бўйича энг ёмон кўрсаткичлар Қашқадарё (28 фоиз) ва Жиззах (30 фоиз) вилоятларига тегишли.
Аҳволи оғир беморлар ва ўлим ҳолатлари
29 июнь куни бир кун олдингидек коронавирус асоратларидан икки киши вафот этди. Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи, 1962 йилда туғилган М.С. исмли аёл коронавирус инфекциясида гумонланиб, 21 июнь куни туман тиббиёт бирлашмасидан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган.У юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония касаллиги, семизлик 3-даражаси, ўпка артерияси тромбоэмболияси, нафас етишмовчилиги 3-даражаси ташхиси билан реанимация бўлимига ётқизилган.
Бемор бундан аввал, сўнгги 8 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, артериал гипертония, юрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган.
58 ёшли аёл ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. Бу Бухорода касаллик туфайли қайд этилган илк ўлим ҳолати бўлди.
Жиззах вилоятида ҳам коронавирус асоратларидан биринчи ўлим юз берди. Шароф Рашидов туманида яшовчи 72 ёшли отахон Қ.Р. 2020 йил 20 июнь куни коронавирусга чалинганликда гумон қилинган ва карантин муассасасига тиббий кузатувга олинган. 22 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унда 25 июнь куни коронавирус аниқланган. ССВнинг аввалроқ берган маълумотларига таянадиган бўлсак, отахон касалликни ўз туманида ўтказилган туғилган кунга борганида юқтириб олган.
Беморга коронавирус инфекциясининг оғир кечиши, чап томонлама бронхопневмония, нафас етишмовчилиги 2-даражаси ташхиси, шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония касаллиги, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет оғир кечиши қўшимча ташхиси ҳам қўйилган.
Бемор бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия ва қандли диабет ташхиси билан даволаниб юрган. Сўнгги кунларда нафас, юрак ва ўпка етишмовчилиги сабабли беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган ҳамда тиббий ёрдам кўрсатилган.
Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.
Жиззахлик отахон Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 24-бемор бўлди.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2702 нафар бемордан 19 нафари оғир, 6 нафари эса ўта оғир аҳволда. 29 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, аҳволи оғир ва ўта оғир беморлар сони ҳам шунчани ташкил этаётганди. Бир сутка аввал эса аҳволи оғир беморлар сони бир нафарга кам эди. Бу орада эса икки кишининг вафот этгани ҳақида маълумот берилди.
Изоҳ (0)