Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Фарғона шаҳрида 7 июнь куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида Шерзод Шерматов ҳам чиқиш қилиб, охирги уч йилда Халқ таълими вазирлиги соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Фото: «Дарё»

«Мана, ўқитувчилар билан гаплашдим — Фарғона вилоятида ўқитувчи уч йил олдин йилнинг 12 ойидан 6 ойида далада бўлган. Пахтада бўлган, чопиқда бўлган, бошқа ишларда... Фараз қилинг, ўқитувчи 6 ой далада бўлса, кўча супуришда бўлса, ташрифларда биринчи балогардон ўқитувчи бўлса, қанақа таълим сифати ҳақида гапириш мумкин?

Тошкентда ўтирганга унча сезилмаслиги мумкин, лекин айнан аграр вилоятларда, қишлоқларда ўқитувчининг ҳаётида жуда катта ўзгариш айнан мана шундан бўлди» – дейди Шерматов.

У ўқитувчиларнинг маоши оширилгани ва вақтида берилаётганини қайд этди.

https://www.facebook.com/uzreport.tv/videos/619403842260939/

«Бунинг натижасида, биргина Фарғона вилоятида 2 мингдан ортиқ эркак ўқитувчилар, 10 мингдан ошиқ олий маълумотли ўқитувчилар қайтиб келди. Хабарингиз бор, олий маълумотли бўлмаган минглаб ўқитувчилар дарс берарди», – деди Халқ таълими вазири.

Шерзод Шерматов мактаблардаги шароитлар масаласига ҳам тўхталиб ўтган.

«Шароит деганда биз инновациялар, юқори технологиялар ҳақида гапирмаяпмиз», – деган вазир мактабларни иситиш, ичимлик суви билан таъминлаш, девор билан ўраш каби элементар шароитларни санаб ўтди.

Маълум бўлишича, охирги уч йилда Фарғона вилоятида 129 та мактабда иситиш печи ўрнатилган, 85 та мактабга ичимлик суви олиб келинган, 109 та мактаб девор билан ўралган. Вилоятдаги мактаблар сони 27 тага кўпайиб, 100 дан ортиқ мактаб мукаммал таъмирдан чиқарилган.

«Лекин қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп. Албатта, 25-30 йилда қилинмаган ишни 3 йилда қилиб бўлмайди», – дея таъкидлади Шерзод Шерматов.

Аввалроқ Самарқандда мактаб ўқитувчиларини ҳожатхона таъмирлашга мажбурлаган мудир 11 миллион сўм жаримага тортилгани ҳақиқда хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар