УЕФА ташкилоти Европа Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси мусобақалари жорий мавсуми борасида якуний қарор қабул қилишга яқин, дея хабар қилмоқда Mundo Deportivo.
Таъкидланишича, катта эҳтимол билан ҳар икки Еврокубокнинг жорий мавсум ўйинлари «саккиз финалчи» форматида бўлиб ўтади ва унга Португалия пойтахти Лиссабон мезбонлик қилади. Бунда чорак финалдан бошлаб уй-сафар тизимидаги ўйинлар бекор қилинади ва бир ўйинда ғолиб номи аниқланади.
Шунингдек, мусобақаларни Мюнхен ва Мадридда якунлаб қўйиш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда. УЕФА бу борадаги якуний қарорни 17 июнда чиқаради.
Аввалроқ Еврокубоклар Германияда «тўрт финалчи» форматида ўтказилиши ҳақида хабарлар тарқалганди.
Эслатиб ўтамиз, Чемпионлар Лигаси 1/8 финал жавоб баҳсидан ўрин олган тўртта ўйин ўтказилган ва яна тўрттаси коронавирус пандемияси сабаб қолдирилганди. Унга кўра, ПСЖ, «Атлетико», «Аталанта» ва «Лейпциг» жамоалари ¼ финалга йўл олган.
Маълумот учун, Чемпионлар Лигасининг 2019/20 йилги мавсуми финали Истанбулда (Туркия), Европа Лигасининг ҳал қилувчи баҳси эса Гданскда (Польша) бўлиб ўтиши режалаштирилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)