Америкадаги каршеринг операторларидан бири бўлмиш Blueindy компанияси коронавирус пандемияси вақтида касодга учради. Электромобилларга талаб йўқлиги сабаб фирма автопаркидаги ўнлаб машиналар чиқиндихонага ташлаб юборилди, деб хабар беради Motor.

Фото: WТHR

Blueindy фирмаси беш йилдан бери мавжуд бўлиб, Индианаполис аҳолисига электромобилларни қисқа муддатли ижарага бериш билан шуғулланади — унинг паркида 280 транспорт воситаси мавжуд. Бироқ коронавирус пандемияси каршеринг бозорига жиддий зарар етказди ва кўплаб компаниялар чеклов чоралари ечилганидан сўнг ҳам ўз фаолиятини қайта йўлга қўя олмади. Бу каби фирмалар қаторидан Blueindy ҳам ўрин олди.

Операторга тегишли машиналарнинг бир қисми бошқа каршеринг фирмасига топширилган, қолган электрокарлар чиқиндихонага олиб борилган — у ерда машиналарни қисмларга ажратиш бошланган.

Аввалроқ бутун дунёга машҳур Hertz ижара идораси кўп миллиардлик қарзлари ва коронавирус пандемияси оқибатида талабнинг камайиб кетгани сабаб банкротлигини эълон қилгани ҳақида хабар берилганди.