Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида 31 май, якшанба куни икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиққан, дея хабар бермоқда ДХХ Чегара қўшинлари.

Қайд этишларича, юзага келган вазиятни бартараф этиш учун икки Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳаллий маъмуриятларининг масъул раҳбарлари воқеа жойида учрашган.

«Ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган. Можаронинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда», — дейилади ДХХ Чегара қўшинлари ахборотида.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили (вилоят губернатори) матбуот хизмати хабарига кўра, Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Чечме қишлоғи ва Ўзбекистоннинг Сўх тумани Чашма қишлоғи аҳолиси ўртасидаги зиддият 31 май куни соат 12:30 атрофида келиб чиққан.

«Ҳаммаси икки қишлоқ аҳолиси (чечмеликлар ҳам, чашмаликлар ҳам) биргаликда Чечме қишлоғидаги булоқни тозалаётган вақтда юз берган. Булоқ давлатлардан бирига тегишли экани ҳақидаги даъволардан тортишув юз берган, сўнг бу низога айланиб кетган», — дейилади ахборотда.

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Акрам Мадумаровнинг сўзларига кўра, «вазиятнинг кескинлашувига йўл қўйилмайди». Унинг таъкидлашича, можаро баҳсли чегара ҳудудида, Ўзбекистон томони ҳам, Қирғизистон томони ҳам бирдек фойдаланадиган булоқ устида юз берган (таъкидланишича, бу булоқ устида аввал ҳам зиддиятлар бўлган).