Навоий вилоятида коронавирус эпидемиясига қарши курашиш жамғармаси маблағларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Дарё»га маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Берилган маълумотларга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан коронавирус пандемияси даврида Молия вазирлигининг Навоий вилоятидаги инқирозга қарши курашиш жамғармасига ажратилган пул маблағларининг мақсадли сарфланиши ўрганилганда жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳолати аниқланган.

Хусусан, Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, жамғарма томонидан ажратилган 5 миллиард сўм маблағларининг бир қисмини талон-торож қилиш мақсадида «Т.» ва «И-П.» МЧЖдан кимёвий дезинфекция воситалари ҳамда инфекцияга қарши тиббий ҳимоя воситаларини қиммат нархларда харид қилиб, жами 222,3 миллион сўмни растрата қилиш йўли талон-торож қилган ҳолда давлат бюджетига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари, «Т.» ва «И-П.» МЧЖ раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Аввал Бухорода санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори ўзига таниш бўлган МЧЖдан дезинфекцияловчи воситаларни қиммат нархда харид қилиб келгани ва 200 миллион сўм маблағни талон-торож қилгани учун унга жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.

26 майда Молия вазирлиги Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларига миллиардлаб сўм пул вақтида тўланмаганини, жумладан, 19,6 миллиард сўм миқдоридаги тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганини билдирган.

21 май куни Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Алишев ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Ниёзов «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 миллион сўм пулни ўзлаштиргани юзасидан Маҳалла вазирлигининг расмий изоҳи берилган.