Россиянинг Санкт-Петербург вилоятида 1 июндан бошлаб одамларнинг кўчада тиббий ниқоб ва қўлқоп тақиб юриши мажбурий бўлмайди. Бу шаҳардаги карантин чекловларини юмшатишнинг биринчи босқичининг бошланиши экани айтилмоқда.

Фото: Global Look Press

Ниқоб ва қўлқопларни жамоат транспорти, дўконлар ва жамоат жойларида тақиб юриш мажбурийлиги ўз кучида қолади.

Шунингдек, шаҳарда 1 июндан бошлаб нотариал ва юридик идоралар, қабристонлар очилади. 65 ёш ва ундан катта кишилар учун мажбурий тарздаги «ўзини яккалаш» тартиби бекор қилинади.

Санкт-Петербургда аҳолига тиббий ниқоб тақиб юришнинг мажбурий тартиби 12 майдан жорий қилинганди.

Шаҳар Россиядаги барча ҳудудлар бўйича касалланиш ҳолатлари сонига кўра мамлакатда 3-ўринни эгаллаб турибди. Санкт-Петербургда эпидемия бошланганидан бери 14 минг 846 та касалланиш ҳолати қайд этилган, 4783 нафар одам касалликдан тузалган, 167 нафар бемор инфекция асоратлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.