News cover

Россия армияси Украинада 116 кв км ҳудуд устидан назоратни йўқотди — ISW

Россия қўшинлари апрель ойида Украинанинг 116 квадрат километр ҳудуди устидан назоратни йўқотди. Бу ҳақда АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) 2 май кунги ҳисоботида маълум қилди.

Таҳлилчиларга кўра, 2024 йил августда Украина Курск вилоятига бостириб кирганидан бери илк бор Россия армияси жанг майдонида соф ҳудудий йўқотишга учради.

“Россиянинг жанг майдонидаги олдинга силжиш суръати 2025 йил ноябридан бери пасайиб бормоқда, чунки Украинанинг қуруқликдаги қарши ҳужумлари, ўрта масофали зарбалари, армиянинг Starlink терминалларидан фойдаланиши тўхтагани ва Кремлнинг Telegram’га киришни чеклаши армиядаги мавжуд муаммоларни янада кучайтирди”, дейилади ҳисоботда.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, илгарилаш суръатининг пасайишига мавсумий об-ҳаво ҳам таъсир қилган. Украинада 2025—2026 йилги қиш аввалги йилларга қараганда совуқроқ ва анча намроқ кечди. Натижада март–апрель ойларида қишки музларнинг эриши ва баҳорги лойгарчилик сабаб техникалар ботиб қолиб, Россия қўшинларининг ҳаракати секинлашди. Шу билан бирга, май ва июнь ойларида иссиқ об-ҳаво сабабли рус армияси олдинга силжиши эҳтимоли инкор этилмаяпти.

ISW маълумотига кўра, Кремль ҳудудлар устидан “назорат ўрнатилаётгани”ни ошириб кўрсатмоқда. Россия қўшинлари 2026 йил апрелида 28,28 квадрат километр ҳудудни эгаллаган ёки унга кириб борган, 2025 йил ноябрдан 2026 йил апрелгача эса бу кўрсаткич 1716,42 квадрат километрни ташкил этган.

“Бироқ худди шу даврда реал эгалланган ҳудуд атиги 1443,35 квадрат километрни ташкил этган”, дейди таҳлилчилар.

Россия қўшинлари кириб борган ҳудудларнинг аксарияти устидан тўлиқ назорат ўрнатмаган. BBC таҳлилига кўра, Россия томонининг Украина урушидаги жами йўқотишлари (ўлганлар ва бедарак йўқолганлар) сони — 353 мингдан 504 минг нафаргача етиши мумкин. Россия ҳудудлари ичида Бошқирдистон ва Татаристон энг кўп йўқотиш берган ҳудудлар сифатида қайд этилмоқда. Агар ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк Халқ республикаси ва Луганск Халқ республикаси жангчилари ҳам ҳисобга олинса, умумий қурбонлар сони янада ортади. Таҳлилларга кўра, бу ҳудудлардан 21 мингдан 23,5 минггача одам ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Маълумот ўрнида, Россия ҳарбийлари аввал Starlink’дан фаол фойдаланган, бироқ февраль бошида Илон Маск Россия қуролли кучлари учун ушбу терминалларни ўчириб қўйганди. Шундан сўнг Россия урушда жанг қилаётган аскарлари учун Starlink’ка ўхшаш янги тизим — “Spirit-030” номли сунъий йўлдош терминалларини етказиб беришни бошлаган.

Бугун, 17:15

Видеолар

News cover

Уч болали аёлга «Президент совғаси» сифатида берилган уй тортиб олиняпти

News cover

«Тож Маҳал бўп кетибди» — Имом Бухорий мажмуасидан репортаж

News cover

У Биринчи жаҳон урушида театр қўйган. Ҳамза уй-музейидан репортаж

News cover

Эрон Трампнинг хатосига айланадими?

News cover

Эрондан кейинги нишон қолган мусулмон давлатлар бўлади — элчи

Теглар

Ижтимоий тармоқлар: