Қамчиқ довонидан 25 май куни иккита юк машинаси ва Damas иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда ФВВ хабар бермоқда.
Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 268-километрида юз берган ЙТҲ ҳақида Қамчиқ махсус ёнғин қидирув-қутқарув бошқармасига соат 08:25 ларда хабар келиб тушган. Тошкентдан водий томон ҳаракатланган HOWO юк машинаси йўл четида тўхтаб турган Damas’нинг орқасидан келиб, тўқнашув содир этган. Тўқнашув туфайли Damas ўзидан олдинда тўхтаб турган MAN юк машинасига урилган.
Оқибатда Damas’нинг ҳайдовчиси Ю.Н. ҳамда ушбу автоуловдаги яна икки нафар фуқаро тан жароҳати олган.
ЙТҲда жабрланган фуқароларни ўз вақтида қутқариш учун бошқарма тезкор навбатчи гуруҳи воқеа жойига зудлик билан етиб борди ва қутқарувчилар томонидан уларга биринчи ҳамда психологик ёрдамлар кўрсатилиб, Поп туман марказий шифохонасига етказилди.
Қамчиқ довонида юк машинаси иштирокида 16 май куни ҳам ЙТҲ содир бўлганди. Пиёз ортилган Isuzu юк машинаси бетон тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетиши оқибатида 3 киши шифохонага ётқизилганди. 24 апрель куни эса Қамчиқ довонида тормози ишламай қолган юк машинаси тоғга бориб урилиши оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида вафот этганди. 23 май куни Сурхондарёда Damas’га 14 йўловчи олган ҳайдовчи жаримага тортилган эди.
Изоҳ (0)