«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 37-моддаси «ж» бандига мувофиқ, бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йилдир.

Масалан, агар ишловчи аёллар 30 йиллик иш стажига эга бўлса, шунинг ичида умумий ҳисобда уч нафар бола парвариши учун 8 йил таътилга чиққан бўлса, унга пенсия тайинлаш учун иш стажи жами 25 йил деб белгиланади. (30 йил – 8 йил + 3 йил = 25 йил).

Бола парвариши таътилида бўлган давр (шу жумладан, ҳақ тўланган давр) имтиёзли ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берувчи махсус иш стажига киритилмайди.

Менинг фикримча, ана шу қонунни бола туғиш ва уни парваришлаш ҳақида, умуман, тушунчаси бўлмаган эркаклар тузган ва қабул қилган. Акс ҳолда, фарзандни дунёга келтириш уни гўдаклигида тарбиялаш қанчалар оғир меҳнат эканлигини билар эдилар ва ноҳақликка йўл қўйилмаган бўлар эди.

Эътибор беринг, нафақат бола парвариши муддати, балки аёлга туғиш ва ундан кейинги таътил (жами 126 кун) халқ тилида «декрет таътили» дейилади, иш стажига киритилмайди.

Жамият ривожланиши, тараққий топиши учун унга доимий равишда билимли, соғлом, дунёқараши кенг ёш авлод келиб қўшилиши шарт. Бу масъулиятли вазифани аёллар ўз зиммаларига олганлар. Лекин бугунги кунда биз уларни бу фидокорликлари учун жазоламаяпмизми?

Бир корхонага бир кунда ишга келган эркак ва аёл учун иш фаолияти якунида узлуксиз меҳнат стажи икки хил натижа бермоқда ва бу, албатта, пенсия миқдорида ўз аксини топади.

Амалдаги қонун ўз ҳаётида нари борса бир нафар фарзанд кўрадиган Европа аёлларининг ҳуқуқларига мос, лекин бизнинг болажон халқимиз ўрта ҳисобда икки ёки уч нафар фарзандли оилани хоҳлайди. Демак, ҳар бир ишловчи аёл меҳнат стажидан ўртача 5 йил ютқазяпти. Бу аёл ҳуқуқларининг камситилиши эмасми?

Халқ демократик партияси ўз Сайловолди дастурида ана шу ноҳақликка чек қўйишни, бунинг учун туғруқ ва бола парвариши даврини тўлиқ меҳнат стажи, деб ҳисоблаш ҳақида қонунчиликка ўзгартириш киритишни таклиф этган.

Ўйлайманки, бу таклиф фаол қўллаб-қувватланса, мамлакатда аёллар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, оналар ҳурматини жойига қўйиш йўлида қўйилган яна бир қадам бўлади.

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Маълумотлар шериклик ҳуқуқи асосида тайёрланди