Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Оққўрғондаги ҳомийлик маблағларининг ўғирлангани тўғрисида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Транспорт вазирлиги

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги 213-сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, фонднинг ҳудудий бўлинмалари, хусусан, «Маҳалла» фонди Оққўрғон тумани бўлинмаси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Саховат ва кўмак» жамғармаси ташкил этилган. Шунга кўра, 23 апрель куни ОАТБ «Микрокредитбанк» Оққўрғон филиалида «Маҳалла» фондининг Оққўрғон тумани бўлинмаси ҳузуридаги «Саховат ва кўмак» жамғармасининг махсус ҳисоб рақами очилган.

Жамғармага келиб тушган хайрия маблағларининг сарфланишига доир тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланишича, халқ депутатлари Оққўрғон тумани кенгашининг 2020 йил 27 апрелдаги VI/VII-II-сонли қарорининг 5-бандига кўра, Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Алишевга жамғармада шаклланган маблағлардан мақсадли фойдаланиш — тумандаги деҳқон бозорларидан озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи бозор нархларида харид қилиш учун жамғарманинг банкдаги ҳисоб рақамидаги маблағларни нақд пул кўринишида олишга рухсат берилиши белгиланган.

Шунингдек, туман кенгаши қарорининг 6-бандида ОАТБ «Микрокредитбанк» Оққўрғон тумани филиали бошқарувчиси А.Ҳамроевга жамғармада шаклланган маблағлардан мақсадли фойдаланиш юзасидан тумандаги деҳқон бозорларидан озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи бозор нархларида харид қилиш учун жамғарманинг банкдаги ҳисоб рақамидаги пул маблағларини нақд пул кўринишида тақдим қилишни таъминлаш вазифаси юклатилган.

Ўрганиш жараёнида муқаддам фонднинг Оққўрғон тумани бўлинмаси катта бухгалтери лавозимида ишлаган фуқаро Бобур Ниёзов «Маҳалла» фонди Тошкент вилояти бўлимининг 2020 йил 3 январдаги 01-к-сонли буйруғига асосан лавозимидан озод этилганлиги аниқланди.

Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Алишев муқаддам Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Оққўрғон тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — «Маҳалла» фондининг тумани бўлинмаси раиси лавозимида ишлаган.

Аммо шу вақтга қадар ОАТБ «Микрокредитбанк» Оққўрғон филиали мутасаддилари томонидан М.Алишев ва Б.Ниёзовнинг тўлов топшириқномасига имзо қўйиш ҳуқуқини бекор қилиш ёки имзо учун банд солиш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилмаган. Бунинг натижасида «Маҳалла» фондининг Оққўрғон тумани бўлинмаси ҳузуридаги «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган ҳомийлик ва хайрия маблағларининг муайян қисми мақсадсиз сарф этилишига йўл қўйилган. Етказилган моддий зарар М.Алишев томонидан тўлиқ қопланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Тошкент вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Таъкидланишича, 18 май куни мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан Молия вазирлигига 02-06/73-сонли мурожаат хати юборилиб, унга кўра, «Саховат ва кўмак» жамғармаси низомининг 14-бандига асосан жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилиши назоратга олинишида амалий ёрдам сўралган.

«Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ушбу салбий ҳолатни ҳамда кенг жамоатчилик ва бутун халқимиз томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида йўналтирилган хайрия маблағларининг бемақсад ишлатилишини кескин қоралайди.

Вазирлик томонидан мазкур воқеликка ўхшаш ҳолатларнинг қайта такрорланмаслиги, хайрия маблағларининг манзилли етиб боришини намунали ташкил этиш мақсадида барча зарур чораларни кўради ва назоратни кучайтиради, шунингдек, ҳудудий тузилмалар раҳбарларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича кенг қамровли профилактик тадбирларни амалга оширади. Энг муҳими, бугунги синовли кунларда халқимиз томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ижтимоий ташаббуслари тўлақонли рўёбга чиқишларини таъминлайди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, М.Алишев ва туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Ниёзов «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 миллион сўм пулни ўзлаштирган. Шу билан бирга, 2020 йилда «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағлардан 44 миллион сўмни мақсадсиз сарфлаб, растрата йўли билан талон-торож қилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган эди. Президент ташаббусига кўра, пандемия шароитида эҳтиёжманд фуқароларга ва оилаларга ёрдам берган корхоналар ва тадбиркорларга давлат томонидан бир қатор имтиёзлар ва преференциялар берилмоқда.