Сирдарё вилоятида коронавирус инфекциясидан даволанаётган 24 нафар беморнинг бари 15 май, жума куни Тошкент шаҳрига кўчирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Сирдарё вилоятида 14 май ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 35 та ҳолат қайд этилган, беморларнинг 14 нафари соғайган эди; 14 май якунига кўра, вилоятда 21 бемор коронавирусдан даволанаётган эди.
«Сирдарё вилоятида даволанаётган барча 24 нафар бемор 15 май куни Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасига кўчириб ўтказилди», — дейилади вазирлик ахборотида.
15 май куни Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинган беморлар соғайгани ҳақида маълумот берилмаганидан хулоса қилинса, кун давомида вилоятда касалликни юқтириб олганлар сони уч нафарга кўпайган.
Сирдарёда 15 май куни аниқланган учта янги ҳолатнинг манбаси ҳақида аниқ маълумот йўқ: Ўзбекистонда шу куни аниқланган жами 41 ҳолатнинг 11 таси чет элдан келганларда, 29 таси карантинда бўлганларда, яна бири эса касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлган фуқарода қайд этилган.
«Сирдарёга бошқа ҳудудлардан минглаб ҳарбийлар, қурувчилар жалб этилган, ҳаракат кўп жой ‘яшил’ мақомда бўлгани маъқул; вилоятдаги шифохоналар ҳам ҳар қандай вазиятга тайёр туриши мақсадга мувофиқдир», — деди манба.
Ўзбекистонда 15 май соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 2686 тага етган; айни вақтда мамлакат бўйича жами 517 бемор, хусусан, Тошкент шаҳрида 315 бемор даволанмоқда.
Изоҳ (0)