Бокс бўйича оғир вазн собиқ чемпиони Эвандер Ҳолифилд афсонавий боксчи Майк Тайсонга қарши учинчи жангда иштирок этишга тайёр эканини маълум қилди.
«Мен буни хоҳлайман. Ҳа, Тайсон билан жанг қилмоқчиман. Ҳатто 57 ёшимда ҳам бу ишни уддалай оламан.
Унга муносиб қаршилик қила оламан. Гап кимнинг ғолиб бўлишида эмас, мақсад одамларга биз ўз давримизнинг энг буюк жангчиларидан эканимизни кўрсатиб қўйиш.
Майкга нисбатан ҳеч қандай адоватим йўқ, ўйлашимча, бу спорт учун яхши бўлади. Гарчи бокс кескин спорт тури бўлсада, биз биргаликда яхши жанг ташкил қила олишимизни одамларга кўрсатиб қўйишимиз мумкин.
У кўплаб таклифлар олаётганидан хабарим бор. Иккимиз ҳам боксга қайтишимизни эълон қилганимиздан кейин, мен ва Майк ўртасидаги жанг барча кўришни хоҳлайдиган воқеага айланади», — дейди Ҳолифилд.
Тайсон ва Ҳолифилд икки бор 1996 ва 1997 йилларда ўзаро жанг қилган. Илк жангда Ҳолифилд нокаут эвазига ғалаба қозонган, иккинчи тўқнашувда эса Майк рақибининг қулоғини тишлаб олган ва дисквалификация қилинган.
Аввалроқ 53 ёшли Тайсон рингга қайтиш ва бир нечта кўргазмали жангда қатнашиш истагида эканини маълум қилганди. Унинг ортидан 57 ёшли Ҳолифилд ҳам боксга қайтишини эълон қилди.
Изоҳ (0)