Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши борасидаги муҳокамалар анчадан буён давом этмоқда. 10 апрель куни ҳукумат аъзолари ЕОИИ билан ҳамкорлик масалалари бўйича депутатларнинг саволларига жавоб қайтарди. 28 апрель куни эса Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг якуний қарори қабул қилинди. Депутатлар Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи мақомида қўшилишига овоз берди.

Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлиси 11 май куни чақирилади. Унда, сенаторлар бошқа масалалар қаторида Ўзбекистон Республикасининг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқади. Ушбу сана олдидан «Дарё» ўқувчиларга мулоҳаза учун материал тақдим этади. ЕОИИ қандай ташкилот? Унинг тарихи қандай? Ички ихтилофлари борми? У аъзоларига нима берди ва Ўзбекистонга нима бера олади? Бу саволларга «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Эргашев жавоб қидиради.

Евросиё иқтисодий иттифоқи 2014 йил 29 майда товарлар, хизматлар, капитал ҳамда ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши учун ва иқтисодиётда ўзаро мувофиқлаштирилган ягона иқтисодий маслакларни амалга ошириш учун халқаро ҳуқуқ субъекти ташкил этишга келишиб олган ва мазкур ташкилот 2015 йил 1 январдан бошлаб фаолият юритиб келади.

Фото: Google Photos

Евросиё иқтисодий иттифоқи Арманистон, Беларусь, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида имзоланган шартнома асосида юзага келди. Молдова Республикаси 2018 йил 14 майдан буён ЕОИИ учрашувларида кузатувчи мақомида иштирок этиб келади.

Айни пайтда ЕОИИ ва Эрон, Вьетнам, Сингапур, Сербия ўртасида эркин иқтисодий ҳудудларни ташкил қилиш бўйича бир қатор битимлар имзоланган. ЕОИИ аъзо мамлакатлари эркин иқтисодий ҳудуд ташкил этиш мақсадида Хитой, Куба, Миср, Таиланд, Мўғулистон, Ҳиндистон, Исроил билан музокаралар олиб бормоқда.

Россия Федерацияси президенти ташаббуси билан юзага келган мазкур иқтисодий ҳамкорлик бир қарашда Европа иттифоқидан нусха кўчираётгандек туюлса-да, президент Путиннинг 2005 йил 25 апрелда Россия Думасида халққа қилган мурожаатидаги қуйидаги фикрлар диққатга сазовор: «Совет Иттифоқининг парчаланиб кетиши асрнинг энг улкан геосиёсий фожиадир».

ЕОИИ ташкил қилинишининг илдизлари

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 1994 йилда ЕОИИни ташкил қилиш таклифи билан чиқди. 1995-2000 йиллар давомида мазкур иттифоқни ташкил қилиш учун тайёргарлик кўрилди, ҳуқуқий асос тайёрланди. 2000 йил 10 октябрь санасида Остона шаҳрида Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари томонидан ЕОИИ тузиш ҳақида битим имзоланди. Бу битим 2001 йил 30 майдан кучга кирди. Битимга мувофиқ ягона иқтисодий макон ва Божхона иттифоқи тўғрисидаги келишувлар асосида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ётади.

Шунингдек, эришилган битимларнинг амалга оширилиши учун ташкилий ҳуқуқий асослари ва аъзо мамлакатларнинг маъқуллаши ҳам белгилаб берилади. 2001 йилнинг май ойида иттифоқнинг асосий органлари – ЕОИИ кенгаши ва ЕОИИ интеграция қўмитаси вазифаларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. 2005 йил ноябрь ойида ЕОИИ молиявий иқтисодий сиёсати бўйича кенгаш тузилди. 2006 йил 24 январь ойида Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган кенгашда Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши ҳақида битим имзоланди.

2006 йил июнь ойида Минск шаҳрида ўтказилган кенгашда Ягона иқтисодий макон доирасида иш олиб боришга келишилди. 2008 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИнинг самарадорлиги ва мувофиқлиги борасида шубҳа билдириб, ундан чиқиш ҳақида баёнот берди. 2008 йил 12 ноябрда  ЕОИИ Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолигини тўхтатиш борасида қарор қабул қилди. Бунга Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг илтимоси асос сифатида кўрсатилди.  Шу йилнинг 12 декабрь санасида ЕОИИ кенгашида Ўзбекистон илтимоси расман тасдиқланди.

Фото: Google Photos

2009 йилда Божхона иттифоқининг устида турувчи Божхона иттифоқи комиссияси ташкил этилди. 2011 йилда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Ягона иқтисодий макон режасининг амалга ошира бошлангани ҳақида баёнот беради.

ЕОИИ қандай тартибда иш кўради?

ЕОИИнинг бош органи Давлатлараро кенгаш ҳисобланади. Аъзо мамлакатлар ўртасидаги қарор келишув асосида қабул қилиниши белгиланган. ЕОИИнинг доимий фаолият юритувчи органи Интеграция қўмитасидир. Мазкур қўмита йиғинлари йилига камида 4 марта ўтказилиши белгилаб олинган. Қўмита қарорлари аъзоларнинг учдан икки қисми тасдиқлаган ҳолатдагина амалиётга жорий этилади. Ташкилотда аъзоларнинг овози тўлов бадалларига асосланган ҳолатда белгиланади. Шундан Келиб чиқиладиган бўлса, Россия – 40; Беларусь – 15; Қозоғистон – 15; Қирғизистон – 7,5, Арманистон – 7,5 овозга эга.

Россия бадаллари кўплиги ҳисобга олинадиган бўлса, Россия Федерациясининг овозлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўриш мумкин. ЕОИИ бош котиблигини ҳозирда Тоир Мансуров бажариб келмоқда.  Шунингдек, ЕОИИнинг парламентлараро комиссияси ҳам мавжуд бўлиб, Россиядан 42 нафар, Беларусдан 16, Қозоғистондан 16, Қирғизистондан 8, Арманистондан 8 депутат ташкилотнинг мазкур комиссияси таркибига киритилган. Котибият бош қароргоҳи Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган.

Иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, ривожлантириш мақсадида Россия ва Қозоғистон ўртасида махсус банк ҳам иш олиб боради. ЕОИИ таркибида инқирозга қарши кураш олиб борадиган фонд ҳам мавжуд бўлиб, унинг мақсади жаҳон иқтисодида юз берган инқирозни бартараф қилиш учун кўмак беришдан иборат.

2012 йилда ЕОИИ суди ҳам фаолият юритиб келмоқда. Мазкур суд аъзо мамлакатлар ўртасидаги низоларни ҳал қилишни мақсад қилади. Лекин қандай ҳаракат қилиши ташкилотга аъзолик бадалларини кўпроқ тўлаётган мамлакатлар мисолидан ҳам билиш мумкин.

ЕОИИнинг муаммолари

Кўпгина иқтисодчилар ЕОИИнинг Европа иттифоқига ўхшаб самарали иттифоққа айланиши борасида шубҳа билдириб келади. Й.V. Шишков бу ташкилотнинг интеграцион режаларини сохта ҳисоблайди, чунки амалда интеграцион ҳодисадан кўра дезинтеграцияга интилиш кучлироқ. Бу ташкилот интеграциясининг сохталиги, аввало, товар оқимининг статистикасида намоён бўлади. Товар айирбошлаш абсолют ифодадай кўринса-да, амалда бу нисбий қисқариб келмоқда.

Асл сабаб эса рақобатбардошликнинг ўта паст даражасида. Маҳсулот импорти билан шуғулланувчилар эса «ўз яқинларидан» кўра сифатли маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни афзал билади. Бозор иқтисодиёти эса маҳаллий сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарувчидан кўра сифатли маҳсулот ишлаб чиқарувчига томон юзланади. Натижада, ўз маҳсулотларини экспорт қилишга умид қилаётган иттифоқчиларнинг маҳсулотларига талабнинг камайишига олиб келмоқда. Хом ашё захираларигина бундан мустасно.

Фото: Google Photos

Интеграция сустлашувининг яна бир омили ЕОИИ аъзо мамлакатлари иқтисодиётидаги катта фарқ ҳисобланади. Биринчидан, Россия Федерацияси иқтисодиёти барча аъзо мамлакатлар иқтисодиётини қўшганда ҳам улканлигидир. Иккинчидан, ЕОИИ аъзо мамлакатлари иқтисодий тараққиёт даражасига кўра ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатидан турли тараққиёт босқичида. Марказий Осиё республикаларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички миллий маҳсулот ҳажми Россияникидан анча кам. Мисол учун, Қозоғистонда – 25 фоиз, Қирғизистонда – 70 фоиз, Тожикистонда – 90 фоиз даражада. Беларусда ўртача кўрсаткичлар Россияга яқин бўлса-да, иқтисодиётнинг режалаштирилиши боис Марказий Осиё республикаларидаги кўрсаткичлардан анча юқори.

Гапнинг индаллосини айтганда, ЕОИИ ҳақидаги баландпарвоз гаплар амалиётга ҳам, реалликка ҳам тўғри келмайди. Маҳаллий раҳбарлар Россиянинг шовинистик, империячилик қарашларига шубҳа билдиради. Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев Россия озиқ-овқат маҳсулотларига 200 фоизлик бож жорий қилган бўлса, Қирғизистон мазкур ташкилотга аъзолик зиён эканидан Бутунжаҳон савдо ташкилотига ҳам аъзо бўлиб олди. Бу мисоллар эса ЕОИИнинг келажаги мавҳум эканидан далолат.

ЕОИИ ичидаги низолар ва ихтилофлар

Беларусь ва Россия

ЕОИИ мамлакатлари интеграцияни қай даражада кучайтиришга интилмасин, аъзо мамлакатлар ўртасида товар айирбошлашни камайиб бораётганини кузатиш мумкин. Экспертлар назарида ЕОИИ аъзо мамлакатлари ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашнинг қисқаришига асосий сабаб миллий валюталар қадрининг пасайиб бораётгани. Айрим соҳаларни ҳисобга олмаганда, ЕОИИ ичидаги ўзаро низолар ҳам маҳсулот айрибошлашининг қисқаришига сабаб бўлмоқда.

Шундай низолардан бири Россия ва Беларусь ўртасида газ нархи борасида юзага келган можаро. Расмий Минск газ баҳосини Россия Федерацияси ичидагидек белгиланишини талаб қилмоқда. Икки мамлакат келишувига биноан эса газ етказиб бериш борасидаги шартномада доллар формулировкаси белгиланган – қазиб олишнинг нархига қўшимча тарзда етказиб бериш харажатлари ҳам Беларусь ҳисобига ёзилади. Газ нархининг долларга «бичилган» қиймати ортидан Беларусь ҳозирда Россия Федерациясидан 281 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарзга ҳам ботди.

Мазкур ҳолат расмий Минскнинг Россияга қарши ўзига хос бож уруши бошлашига ҳам сабаб бўлди. Расмий Минск Европа иттифоқига транзит қилинадиган энергия захиралари нархини оширишни талаб қилмоқда. Агарда Россия нархни оширадиган бўлса, Россия Европадаги ҳамкорларини йўқотиши мумкин. Беларусь хориждан нефть ва газ сотиб олишни йўлга қўяр экан, Россия ва расмий Кремль ўртасидаги низолар давом этиб келмоқда.

Қозоғистон ва Россия

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан Россия ҳукумати тарафидан ўрнатилган чекловлар ЕОИИ ўртасидаги ихтилофларнинг яна бир кўринишидир. Устига устак Россия ЕОИИ кенгаши комиссиясидан Қозоғистоннинг Россияга шакар ва шакар маҳсулотлари экспортини камайтиришни сўрамоқда. Қозоғистон шакар экспортининг ЕОИИга аъзо мамлакатлари орасида шакар экспорт ҳажмининг кўпайиши Россия шакар ишлаб чиқариш саноатига катта зарар етказар экан.

Фото: Google Photos

Қирғизистон ва Россия

Қирғизистон ЕОИИга бешинчи бўлиб аъзо бўлган мамлакатлардан бири. ЕОИИга аъзолик даврида Қирғизистоннинг ялпи ички маҳсулоти кўпаймади. Аксинча, қирғизистонлик иқтисодчи олимлар ҳисоб китобларига кўра, мамлакатнинг ЕОИИга аъзолик даврида мамлакат анча йўқотишларга «эришди».  ЕОИИга аъзо бўлган Қирғизистон ҳукумати ўз олдига қўйган иқтисодий кутилмаларга эриша олмади. Маҳсулотлар таннархи анча ошди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар касодга учради.

Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлар экан, меҳнат мигрантларининг ҳамда юкларнинг эркин ҳаракатланишига йўл қўйилади деган шартнома бандлари амалда ўз исботини топмади ва ЕОИИ ташкилотига аъзо мамлакатлар чегарасида қирғиз тадбиркорларининг маҳсулотлари 2017 йил кузидан бошлаб қўшни мамлакатлар чегара пунктларида тўхтаб қола бошлади. Натижада, қирғизистонлик тадбиркорлар юкларнинг чегара пунктларида тўхтаб қолиши оқибатида миллионлаб зарар кўрди. Аҳолининг харид қобилияти ўсмади, аксинча, Қирғизистон аҳолиси қашшоқлик жари томон қуламоқда. Қирғиз сўмининг рублга нисбатан инфляцияси сақланиб қолмоқда.

Қирғизистоннинг давлат қарзи эса ўсишда давом этар экан, 2020 йилга келиб бу қарз 4 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилмоқда. Қарздорлик фоизлари эса ўсишда давом этмоқда.

Арманистон ва Россия

Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян бир неча бор қилган маърузаларида ЕОИИнинг, хусусан, Россиянинг Арманистонга босим ўтказганини иддао қилди. Бу, аввало, энергия захираларининг Арманистонга етказиб берилиши борасидаги нархлар ҳақида гап кетганда юзага чиқди.  Энергия таъминотининг  Россиядан импорти 80 фоизни ташкил қилаётган Арманистонда мамлакат раҳбари Владимир Путин билан бир неча маротаба газ нархи борасида музокара ўтказган. Шунга қарамасдан Арманистон Россиядан сотиб оладиган газ ҳақи минг кубометр учун 150 АҚШ долларидан 165 АҚШ долларигача кўтарилган.

Бунинг замирида эса Арманистон ҳукуматининг тергов суриштирув ишлари жараёнида Россия газ концерни қошида ташкил этилган арман газпром саноати улкан товламачиликка йўл қўйгани, йирик миқдордаги пулларни ўзлаштирганликда айбланди. ЕОИИга аъзо мамлакатлар ўртасидаги битимга мувофиқ аъзо мамлакатларнинг қарзи мамлакатларнинг миллий даромади 50 фоизидан ошмаслиги керак. Устига устак Хитой маҳсулотларининг реекспорти ҳам коронавирус шароитида қисқариб кетди. Қолаверса, Қозоғистон Қирғизистондан айрим маҳсулотлар экспортини чеклаб қўйди. Натижада қирғизистонлик ўрта тадбиркорлик билан шуғулланувчилар Россия ва Қозоғистонда кескин рақобатга учрамоқда.

Арманистон ҳукумати ҳам ўз навбатида бир тарафдан Европа иттифоқи ва иккинчи тарафдан ЕОИИ аъзоларидан манфаатли бўлишга интилмоқда. Арманистон учун ЕОИИ аъзо мамлакатларидан арзон нархдаги газни қўлга киритиш имкони пайдо бўлади. Бу эса келгусида популист арман сиёсатчиларининг «биз халқни арзон ёқилғи билан таъминлаяпмиз» деган иддаоларини юзага чиқаради. Нима бўлганда ҳам бу арман сиёсатчиларининг ёқилғи энергетика соҳасидаги транзит мамлакат сифатидаги аҳамиятини камайтирмайди. Қолаверса, Арманистон Россия учун ўз газ, нефть саноатини Арманистон орқали Яқин Шарққа юбориш имконини беради. Арманистон сабаб Россия—Эрон муносабатлари янада мустаҳкамланиши мумкин.

* * *

Ўзбекистон Республикасининг собиқ раҳбари Ислом Каримов 2014 йилда Россия, Қозоғистон, Беларусь ўртасида имзоланган ЕОИИни сиёсий мустақилликнинг барҳам топишига тенглаштирган ва ушбу ташкилот келажагига шубҳа билан қараган. Бугун ўзбек парламенти ва русийзабон нашрлари ЕОИИга аъзо болиш учун гарчи кузатувчи мақомида бўлса-да, Ўзбекистоннинг келажакдаги истиқболи ҳақида кўпроқ қайғуришларига тўғри келади.

Фото: Google Photos

ЕОИИ шаффоф сиёсий тузилма бўлиш истагида экан, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ўз мамлакатларининг манфаатлари ва қўшни мамлакатларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда иш юритишлари ташкилот келажаги учун фойдали. Аммо нефть нархининг кескин тушиб кетиши жараёнида COVID-19 пандемияси вазиятида ЕОИИ ўртасида ишончга асосланган ҳар қандай умид ва тахминлар пуч хаёл бўлиб қолаверади, сабаби ЕОИИ минтақасида  Россия иқтисодий жиҳатдан ўтмишдаги бозорларни эгаллашга ҳар қачонгидан ҳам тайёр.

Ўзбекистон ва ЕОИИ ҳақида гап кетадиган бўлса, шуни айтиш жоизки, ЕОИИ тузилмаси фақат Россия манфаатлари асосига қурилганини, Ўзбекистон мазкур ташкилотга аъзо бўлиб кирадиган тақдирда ҳам кўп нарса ютмаслигини (ўзбек мигрантларига бериладиган патент миқдорининг пасайиши ёки бекор қилиниши) уқтириш кифоя.

Ўзбекистон иқтисодиёти, айниқса, аҳолиси мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишидан кўпроқ фойда кўрган бўлади. Шаффоф, эркин иқтисодиётда барча ЕОИИга аъзоликдан кўпроқ манфаат олади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.