«Пахтакор» собиқ ҳимоячиси Вилгельм Қаҳҳоров 81 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
Қаҳҳоров «Пахтакор» сафида 1961—1964 йиллар мобайнида тўп сурган. Жамоа 6-ўринни қўлга киритган 1962 йилги мавсум Олий Лига баҳсларининг барчасида майдонга тушган. 1963 йил Тошкентда Япония терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида ғалаба келтирган ягона гол муаллифига айланган.
Қаҳҳоров ёрқин ўйинлари эвазига СССР олимпия терма жамоасига жалб этилади. Йиғин давомида унга «Динамо Москва» ва «Зенит» мураббийларидан қизиқиш бўлади. Бироқ Вилгельм жиддий хасталикка учрайди ва бу унинг фаолиятига таъсир қилади. Кейинчалик Қаҳҳоров «Политотдел» ва Олмалиқнинг «Металлург» жамоаларида тўп суради.
«Вилгельм Қаҳҳоровнинг вафоти муносабати билан «Пахтакор» футбол клуби унинг оиласи, яқинлари ва дўстларига таъзиясини билдиради. Унинг хотираси ҳамиша қалбимизда яшайди», — дейилади клуб баёнотида.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)