Самарқанд вилоятининг Ургут туманида эҳтиёжманд оилалар учун мўлжалланган арзон уннинг бир қопига 15 минг сўмдан устама нарх қўшиб сотган маҳалла раиси 15 суткага қамалди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото «Дарё»

Маълум бўлишича, 18 апрель куни Ургут тумани «Юқори Қайроқли» МФЙ раиси Ў.А. 145 минг сўмдан сотилиши лозим бўлган 48 қоп унни маҳалла фуқароларига 160 минг сўмдан сотган.

ИИБ ходими Эргаш Нажмиев маҳалла раисининг бу ҳаракати ноқонуний эканлигини айтиб, суҳбат ўтказиш учун раисни ИИБ биносига олиб бормоқчи бўлган.

МФЙ раиси эса ички ишлар ходимининг қонуний талабини бажармасдан, фуқароларни ички ишлар ходимларига бўйсунмасликка даъват қилиб, қаршилик кўрсатган.

Аниқланишича, маҳалла раиси туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар ташаббуси билан эҳтиёжманд оилаларга ажратилган 60 қоп унни ўз нархида шахсий маблағига сотиб олган.

Аммо мутасадди ташкилот вакилларининг иштирокисиз сотмаслик ҳақида расман огоҳлантирилган бўлса-да, вазиятдан фойдаланиб, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, бойлик орттирмоқчи бўлган.

Суд мажлисида МФЙ раиси ўз айбига иқрор бўлиб, уйига ун сўраб келганларга 145 минг сўмлик унни 160 минг сўмдан сотганини, ИИБ ходимига қаршилик кўрсатганини тан олган.

Фото «Дарё»

Ургут туман маъмурий суди раиси Акмал Алимовнинг «Дарё»га маълум қилишича, фуқаро Ў.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-моддаси 1-қисми (давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний тадбиркорлик фаолияти амалга ошириш), 194-моддаси 1-қисми (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан айбли деб топилган ва 1 миллион 115 минг сўм жарима ҳамда 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланган.