12 апрель куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят аҳолисига мурожаат йўллади, деб хабар беради Telegram’даги «Водий бозор» канали.

Фото: Telegram / «Водий бозор»

Мурожаат давомида Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят бўйича коронавирусга чалинган 90 нафар беморнинг 78 нафари тиббиёт ходимлари эканлигини таъкидлаб ўтган.

Аввалроқ Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров коронавирус тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари юзасидан аҳолига мурожаат йўллагани ҳақида хабар берилганди. Вилоят ҳокими ўз мурожаатида коронавирус билан касалланган фуқаролар уни қачон ва кимдан юқтирганини аниқ билмаслигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 13 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекциясини юқтириб олган фуқаролар сони 896 кишига етди. Мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ дастлабки ҳолат қайд этилганидан бери 66 киши соғайди, тўрт киши (икки аёл ва икки эркак) эса коронавирус сабаб вафот этди.