Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 11 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра 694 нафарга етди. Айни вақтда беморларнинг 212 нафари Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқишида Тошкентдаги беморлар аҳволи ҳақида қисқача ахборот берди.
Отабековнинг Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти тақдим этган маълумотларга асосланиб хабар беришча, ушбу институт клиникасида даволанаётган 104 нафар беморнинг 28 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, саккиз нафар беморнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 108 нафар бемор даволанмоқда, беш беморнинг аҳволи оғир. «Вилоятлардаги беморлар учун Тошкент билан тўғридан-тўғри телемаслаҳатлашув тизими ташкил этилган. Барча ҳудудлардаги беморлар назоратга олинган», — деди Нурмат Отабеков.
Маълумот учун, 10 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра Тошкентда 208 нафар бемор даволанаётгани маълум қилинган (Вирусологияда 98 нафар, Эпидемиологияда 110 нафар), улардан 14 нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланаётгани таъкидланган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда шу вақтгача аниқланган коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг учтаси ўлим билан якунланди, 42 ҳолатда беморлар соғайишга муваффақ бўлди. Ўзбекистондан ташқарида камида 23 ватандошда касаллик аниқланган, уларнинг уч нафари вафот этган.
Изоҳ (0)