Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков 11 апрель куни «Ўзбекистон 24» телеканали орқали қилган чиқишида аҳолини яна бир бор карантин қоидаларига қатъий риоя этишга чақирди.

«Карантин тадбирлари давом этмоқда. Карантин тадбирларига қанчалик риоя этсак, вазиятни шунчалик барқарор ушлаб қолишимиз мумкин. Акс ҳолда вазият мураккаблашиб, уни жиловлаш анча қийин кечишини ёдингизга солмоқчимиз», — деди у.

«Уйингизда қолинг, уй юмушлари билан банд бўлинг. Кўчага чиқишга уринманг», — дея қўшимча қилди давлат бош санитария инспектори ўз чиқишида.

Эслатиб ўтамиз, 11 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 694 нафарга етди (уларнинг 42 нафари соғайган, уч нафари вафот этган). Айни вақтда Тошкентда даволанаётган 212 беморнинг 13 нафари оғир аҳволда.