АҚШ «ўз фуқароларини қабул қилмаётган ёки буни асоссиз равишда кечиктираётган» мамлакатларга қарши виза санкцияларини қўллаши мумкин. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трампнинг тегишли фармонида сўз боради.
Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу чора АҚШ томонидан коронавирусга қарши кураш доирасида ўз фуқаролари ёки резидентларини олиб кетиш талаби қўйилган, бироқ бу ишни бажаришдан бош тортган давлатларга нисбатан қўлланилади.
Фармонга кўра, шу турдаги давлатлар рўйхати шакллантирилади. Шундан сўнг, етти кун ичида АҚШ давлат котиби санкцияларни жорий этиш бўйича режани амалга оширишга киришади.
Аввалроқ АҚШда ўтган бир сутка ичида коронавирус қурбонлари сони бўйича антирекорд янгилангани ҳақида хабар берилганди. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бир сутка ичида мамлакатда 2 мингдан ортиқ одам коронавирус оқибатида вафот этган. Бутун АҚШ бўйлаб коронавирус қурбонлари сони 18 769 кишига етган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 10 апрель Тошкент вақти билан соат 23:45 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 669 кишига етган. Мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ дастлабки ҳолат қайд этилганидан бери 42 киши соғайган, айни вақтда уч киши (бир аёл ва икки эркак) коронавирус сабаб вафот этган.
Изоҳ (0)