Буюк Британия бош вазири Борис Жонсонни коронавирус хавфидан огоҳлантирган шифокор коронавирусдан вафот этди, деб хабар беради The Mirror.

Фото: The Mirror

Таъкидланишича, 53 ёшли уролог Абдул Мабуд Чоудхари 15 кун шифохонада ётиб, вафот этган. Маълумотларга кўра, икки фарзанднинг отаси бўлган шифокорда коронавирус аниқланган.

18 март куни Чоудхари Борис Жонсонга мурожаат йўллаб, уни мамлакатдаги тиббиёт ходимларининг ҳар бирини коронавирусдан ҳимояловчи воситалар билан таъминлашга чақирган.

Аввалроқ COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириб олган Жонсоннинг ўзи реанимацияга жойлаштирилгани ҳақида хабар берилганди. 8 апрель куни Британия бош вазирининг аҳволи яхшиланган: у ўтириб, мулоқот қилишни бошлаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Британияда коронавирус билан касалланганлар сони 61 мингдан ошган, 7,1 минг одам вафот этган.