Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 9 апрель Тошкент вақти билан соат 15:30 ҳолатига кўра 27 нафарга ошиб, 582 кишига етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. Аввалроқ 9 апрель Тошкент вақти билан соат 10:00 ҳолати бўйича вирусни юқтириб олганлар сони 555 нафарга етгани маълум қилинганди.
Мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ дастлабки ҳолат қайд этилганидан бери (15 мартдан буён) 30 киши касалликдан соғайишга муваффақ бўлди, айни вақтда уч киши (бир аёл ва икки эркак) коронавирус сабаб вафот этди.
Ўзбекистонда 4—7 апрель кунлари коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар айниқса кўп қайд этилди. Хусусан, 6 апрель куни 115 кишида коронавирус аниқланган — бу кунлик рекорд; шунингдек, 6 апрель соат 10:00 дан 7 апрель соат 15:00 гача бўлган оралиқда, Бухоро (65 нафарга) ва Қорақалпоғистонда (саккиз баробарга) беморлар сони кескин кўпайган.
Ўзбекистондан ташқари Австрия, Арманистон, АҚШ, БАА, Жанубий Корея, Покистон, Россия, Таиланд ва Қозоғистонда ҳам жами 23 нафар ватандошда коронавирус аниқланган, улардан уч нафари (барчаси АҚШда) вафот этган. Вафот этганлардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли шашмақом ижрочиси Рустам Самарқандий эди.
Изоҳ (0)