Навоий шаҳрида ўтказилган тунги рейдлар давомида, ўз уйида дискотека ташкил қилган шахс аниқланди. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ хабар берди.
Маълум қилинишича, тунги соат 01:30 да шаҳардаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадондан чиқаётган баланд мусиқа овози тунги назоратдаги ички ишлар идоралари ходимларининг эътиборини тортган.
Ички ишлар ходимлари мазкур хонадонга келганда, бир неча йигит-қиз у ерда спиртли ичимлик ичиб, тунги клуб манзарасини яратгани ва кўнгилхушлик қилаётгани аниқланган.
Хонадон эгаси ва у ерда бўлган бошқа йигитларнинг айтишича, «улар кўнгилли сифатида қарияларга ёрдам берган ва карантин нима эканлигини яхши билади».
Ички ишлар ходимлари томонидан бу ҳолатга чек қўйилган, мазкур фуқаролар карантин қоидаларини бузгани учун жаримага тортилган.
Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида ниқобсиз юриб, Амир Темур ҳайкалидан коронавирус Ўзбекистондан қачон кетишини сўраган бир қиз ва икки йигит 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Сирдарёда карантин қоидаларини бузиб, ички ишлар ходимларини ҳақорат қилган фуқаро 15 суткага қамалди, Тошкентда профилактика инспекторининг погонини юлиб, хизмат кийимини йиртиб ташлаган аёлга жиноий иш қўзғатилди.
Изоҳ (0)